30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

«Сизлар билан учрашиш, кўнглингиздаги эзгу орзу ва режаларингиз билан ўртоқлашиш, таклиф ва ташаббусларингиз ҳақида эшитиш менга доимо қувонч ва ғурур бағишлайди», — деди у ўз нутқида (президент матбуот котиби Шерзод Асадов келтирган иқтибос).

Шавкат Мирзиёев дунёдаги мураккаб вазият ҳақида ҳам гапирди: «Ҳар куни янги-янги хавф-хатарлар ва ташвишларга дуч келаяпмиз. Бундай вазиятларда халқимизнинг иродаси ва матонатига таяниб, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топиш учун биргаликда интилмоқдамиз. Меҳнаткаш ва бағрикенг, олижаноб халқимиз, сиздай билимли, фаол ва шижоатли ўғил-қизларим бор экан, биз ҳар қандай қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз!»

Унинг айтишича, мамлакатда «Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш — барчамизнинг бош мақсадимиздир!» шиори остида ислоҳотларнинг янги даври бошланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент шу кунларда мамлакатда Конституцияга киритилган ўзгартиришларнинг умумхалқ муҳокамаси давом этаётганини эслатди. «Бу борада келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан ёшларимиз томонидан билдирилгани мени жуда қувонтирди», — деди у.

«Албатта, янгиланаётган Конституция, бу — сизларнинг Конституциянгиз!», — деди давлат раҳбари ёшларга мурожаат қилиб. «Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган, Янги Ўзбекистонни ҳамда Учинчи Ренессанснинг бунёдкорларисиз», — деди у.

Президент ёшларга ўз олдига қўйган режа ва марраларга эришиши учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканини билдирди.

«Қорақалпоғистондан Андижонгача, Сурхондарёдан Тошкентгача — барча ҳудудлардаги ёшларимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадимиз йўлида бир тану бир жон бўлиб, дадил олға интилишлари керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон ёшлари ва раҳбариятига мурожаат қилар экан, «Буюк қорақалпоқ халқини, буюк қорақалпоқ халқи ёшларини» табриклади. У «икки халқ меҳр-оқибат ва муштарак фикр билан бирлашиб, бир-бирига қариндош бўлиб яшашини» таъкидлади.

«Ягона замин, ягона халқ сифатида биз ҳамжиҳатликда ҳаракат қиламиз, шу туфайли Қорақалпоғистон улкан мақсадлар ва натижаларга эришмоқда», — деди президент.

«Албатта, қабул қилинган Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида биз ҳам Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегиясини қабул қилдик, ҳар бир овул, қишлоқ, чекка маҳаллаларни ободонлаштириш учун алоҳида маблағ ажратдик. Бу эса меҳнатимизнинг илк нишонаси, холос», — деди у.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев байрамда ўтган йили кузда Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, Бўзатов тумани ёшлари билан қўшиқ куйлаганини эсга олди ва Бўзатовни «Ўзбекистоннинг маданий ўчоғи, маданий маркази» деб атади.

«Ҳар сафар айтаман, бағрикенг, танти, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтаётган қорақалпоқ халқини юрагимдан эъзозлайман. Меҳр ва ғурур билан айтаман, мен нафақат Ўзбекистон, Қорақалпоғистоннинг ҳам фарзандиман, деб яна бир марта таъкидламоқчиман», — деди президент йиғилганларнинг олқишлари остида.

Апрель ойида ҳукумат қарори билан Қорақалпоғистонни 2026 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тасдиқланди. Ҳужжатда ҳудудни юксалтиришнинг муҳим нуқталари ва омиллари белгиланиб, беш йил ичида ЯИМ ва саноат ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар ошириш вазифаси қўйилган.