Шавкат Мирзиёев «Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси президенти сайловини тайинлаш тўғрисида»ги фармонини имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фармонга кўра, Конституциясининг 110 ва 128-моддалари ҳамда Ўзбекистон Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан 2023 йил 9 июль кунига муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови тайинланди.

Шавкат Мирзиёев бундай қарор нима учун зарурлигини 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашувда тушунтириб берди.

«Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечяпман? Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда», — деди давлат раҳбари.

У янгиланган Конституция президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўйганини таъкидлади.

«Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда. Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 6 май куни Сайлов кодексига президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари сайловларини муддатидан илгари ўтказиш бўйича қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, президент муддатидан илгари Ўзбекистон президент сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади.

Қонунчилик палатаси президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, сайлов уч ой ичида ўтказилади. Қонунчилик палатаси ўзини ўзи тарқатиб юборганда эса, сайлов икки ой ичида ўтказилади. Сенат президент томонидан тарқатиб юборилган тақдирда, Сенат аъзоларининг сайлови уч ой ичида, Сенатнинг ўзи томонидан тарқатилса, бир ой ичида ўтказилади.