Ўзбекистонда ёзнинг иссиқ кунида кузатилаётган аномал исиш автомобиль эгаларидан транспорт воситаларига эҳтиёт бўлишларини талаб этади. UzAuto Motors мутахассислари жазирамадан уларни қандай сақлаш борасидаги кўрсатма ва тавсиялар билан бўлишди.

Тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида бўлган автомобилда ҳарорат 100 даражагача кўтарилиши мумкин. Юқори даражали ҳарорат ва қуёшнинг ультрабинафша нурларидан автомобиль ойнасининг муҳрлари, фара ва чироқларнинг қопқоқлари, асбоблар панели, ички қопламалар, ташқи қопламанинг пластик қисмлари қизийди, хиралашади, ёрилади ва бузилади.

автомобиль, ёз фасли, жазирама, иссиқ

Бундай нохушликларнинг олдини олиш ҳамда автомобилни қуёш нуридан ҳимоя қилиш учун қуйидаги кўрсатма ва тавсияларга риоя қилиш зарур:

Ўзингиз ва яқинларингизни жазирамадан асранг

Энг аввало, ҳаддан ташқари қизиб кетган автомобилда ўзингиз ва йўловчиларнинг узоқ вақт қолиб кетишига йўл қўйманг. Автомобилга ўтиришингиз билан уни ҳаракатлантиришга шошилманг — яхшиси, ойналарни очинг ва двигателни ишга тушириб, бир неча дақиқа кутиб туринг. Мазкур қоида, айниқса, тўқ рангли автомобиль эгалари учун жуда муҳимдир.

Жазирамада автомобиль салони бир неча дақиқа ичида ниҳоятда юқори ҳароратгача қизийди. Фожиали ҳодисанинг олдини олиш учун ҳеч қачон болалар, қариялар ва ҳайвонларни автомобиль салонида, ҳатто ойналари очиқ бўлган тақдирда ҳам, қаровсиз қолдирманг.

Автомобилни тўғридан-тўғри тушадиган қуёш нуридан ҳимоя қилинг

Табиийки, энг яхши йўл — автомобилни ёпиқ автотураргоҳларда ёки соя жойда қолдириш. Аммо ҳамма ҳам бундай имкониятга эга эмас, албатта. Бундай вазиятда олд ойна учун қуёшдан ҳимояловчи экран сотиб олинг (ҳимояловчи экран бозорларда 10 минг сўм атрофида туради) ва иложи борича ойналарни ёпинг: бу чораларнинг барчаси салон қизиб кетишининг олдини олади, унинг пластик ва резина элементларини деформациядан ҳимоялайди.

Агар машинангизни узоқ вақт кўчада қолдирадиган бўлсангиз, автомобилга махсус чехол сотиб олинг, у сизга ёзин-қишин хизмат қилади. Келтириб ўтилган воситалар бўлмаган тақдирда, автомобилни қуёшга тескари, олд ва ён ойналарига қуёш нури тушмайдиган қилиб қўйинг. Автомобилнинг қуёш нурида кўп қолиб кетиши ҳақиқий рангнинг йўқолишига сабаб бўлади.

Автомобилнинг суюқлик даражасини кузатиб боринг

Бу ойна тозаловчи, мой, фреон ва бошқа шу каби суюқликларга тааллуқли. Ёзда двигатель босими ҳаддан ташқари ортади ва уни етарли миқдорда мотор мойи билан таъминлаш ниҳоятда муҳим. Ёзнинг иссиқ кунларида автомобилдан интенсив фойдаланиш билан ёғни тез-тез алмаштириш кераклигини унутмаган ҳолда уни вақти-вақти билан бажаришга ҳаракат қилинг.

Радиаторга дистерланган сув эмас, махсус антифриз қуйиш кераклигини ёдда тутинг. Ёз мавсумида тормоз суюқлигини мунтазам равишда ўзгартириб туринг, шу билан бирга, сизга тақдим этилган сервис китобидаги тавсияларга амал қилинг.

Бакни ёнилғи билан охиригача тўлдирманг

Ҳаддан ташқари иссиқда ёнилғи бакини охиригача тўлдирманг. Ҳарорат кўтарилганда ёқилғи кенгайиб, бакдан тўкилиши мумкин. Тўкилган ёқилғи автомобил ранггига ёки корпуснинг коррозияга қарши ҳимоя қилиш (антикорозён) қопламаларига зарар етказиши мумкин. Бундан ташқари, оқиб тўкилган ёнилғи атроф-муҳитга зарар етказади ва ҳаттоки ёнилғи ёниб кетиши ҳам мумкин.

Шиналарни тўғри танланг

Қишки шиналарни ёзгисига алмаштиринг. Асфальтнинг иссиғида улар емирилиб, йўлда ҳаракатланиш учун тавсия қилинмайди. Чунки иссиқ ҳаво ҳароратида резиналар юмшаши мумкин. Шуни унутмангки, жуда юқори ҳароратда асфальт қизиб юмшайди.

Буюмларни зинҳор автомобилда қолдирманг

Ёз мавсумида автомобилингиз салонида газли ичимликлар, тиббий буюмлар ва дори воситалари, шунингдек, қуёшдан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар, турли хилдаги суюқликлар ҳамда балончикларни, айниқса, электрон қурилмаларни сақламанг. Ёзнинг жазирама иссиғида автомобиль салонида қолдирилган энг оддий буюм ҳам хавфли ҳисобланади.

Қуёш нуридан кўзингизни асранг

Қуёш нури ҳайдовчининг кўриш қобилиятини пасайтириб, бир неча сониялар ичида йўлда нохуш ҳодисани келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли қуёшдан сақловчи кўзойнаклар тавсия қилинади. Улар йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишининг олдини олади.