Тошкентнинг у ёки бу туманида тўсатдан бошланадиган «снос»лар, ободонлаштириш ишлари сўнгги ўн йилликлардаги одатий ҳодисага айланди. Аммо уларга кўникиш ҳали ҳам қийин кечмоқда. Икки ярим йил муқаддам Марказ-1 (М1, русчада — Ц1) даҳасида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида жойлашган умумий овқатланиш корхоналари олдидаги айвон ва иншоотлар кутилмаганда демонтаж қилинганди. Кўчалар ғилдиракли қаҳвахона ва дўконлардан ҳам тозаланди.

Ҳокимлик айвон ва хўжалик иншоотлари ноқонуний эканлигини маълум қилди. Лекин нима учун бу ишлар дабдурустдан қилинаётгани ва нима сабабдан бундан олдин, кўп йиллар давомида қонунбузарликларга, агар мавжуд бўлса, кўз юмилганини ҳеч ким тушунтира олмади. «Снос»лардан сўнг баъзи муассасалар ёпилди, бошқалари аста-секин айвонларни жойига қайтарди.

Бир қарашда худди шунга ўхшаш вазият бугунги кунда яна шу даҳада авж олмоқда. Дам олиш кунлари «Экопарк» олдидаги 27, 28, 30 ва 31-уйларнинг биринчи қаватларида жойлашган тадбиркорлик объектларининг ташқи айвонлари ва пешлавҳалари бирданига демонтаж қилинди. Бу ерда, жумладан, сайёҳлик компаниялари, косметика дўконлари ва умумий овқатланиш шохобчалари, уларнинг энг йириги — «ЧайКоф» қаҳвахонаси жойлашган.

Тошкент ҳокимлиги 31 май, чоршанба куни интернет тармоғида давом этаётган муҳокамалар фонида шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов томонидан сайёр қабуллардан бирида М1 даҳасида истиқомат қилувчи фуқаролар ўзлари яшаб турган уйларнинг пастки қаватларида ташкил этилган объектларнинг фаолиятидан норозилигини билдириб, уларнинг шовқини, таомларнинг ҳиди, уларга қатнайдиган мижозларнинг транспорт воситалари қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётганидан арз қилганини хабар берди.

«Ушбу мурожаатлар асосида вазият шаҳар ҳокимлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектлари томонидан шаҳарсозлик нормаларининг қўпол бузилишига, ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда биноларнинг конструкцияларида ўзгартиришлар киритилгани ва шаҳарсозлик нормаларига зид равишда қурилишлар амалга оширилгани аниқланган», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» вазиятни ўрганишга уриниб, аҳоли ва муассасалар эгалари билан суҳбатлашди.

Демонтаж саналари

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашган тадбиркорларнинг айтишича, 27 май, шанба куни турли тузилмалар вакилларидан иборат катта гуруҳ келиб, ноқонуний ўрнатилган иншоотларни бузиш бўйича кўрсатмалар берган. Бу ишларни бажариш учун эса бир кун муддат берилган.

«ЧайКоф» қаҳвахоналар тармоғининг бошқарувчи ҳамкори Алина Цимерман нималар рўй бераётганини қуйидагича тасвирлаб берди: «М1да энди „ЧайКоф“ йўқ. Худди кўплаб қўшниларимиз аллақачон йўқ бўлгани сингари… 28 май, якшанба куни солиқ идорасидан келиб, биноларнинг кадастрини сўрашди, кейин прокуратура, ҳокимлик ҳам қўшилди, 29 май кунига келиб эса бизни бузиб ташлашди. Ҳеч қандай хабарномалар, бартараф этиш учун муддатлар, судлар ва уларнинг қарорларисиз».

М1 даҳасидаги «ЧайКоф» қаҳвахонаси эшиклари.М1 даҳасидаги «ЧайКоф» қаҳвахонаси эшиклари.

«Ҳа, ҳақиқатан ҳам, барча қўшниларимиз каби, бизда ҳам рухсатномалар йўқ, лекин тўғрисини айтайлик, уларни олишнинг иложи ҳам йўқ — бундай рухсатномаларни берадиган тартиб ва органнинг ўзи йўқ», — дея таъкидлади у.

Ўзбекистондаги Kulikov қандолатчилик уйи сармоядори Иззатбек Асимов аксарият тадбиркорларда ташқи айвон учун ҳужжатлар йўқлигини тасдиқлади.

«Шанба куни келиб, ёзги айвон учун кадастрни кўрсатишни сўрашганида, тадбиркорларнинг ҳеч бири сўралган ҳужжатларни тақдим эта олмади, чунки бу кадастрда йўқ. Ҳокимият вакиллари мен билан яхши мулоқот қилишди», — деди у.

Аҳолининг даъволари

«Газета.uz» мухбири 31-уйда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашди. Уларнинг аксарияти тадбиркорларнинг ишлашига эмас, балки бу ишнинг тадбиркорлар томонидан қандай ташкил этилганига эътирозлари борлигини билдиришди.

Аҳоли айрим ресторанлар, хусусан, Roman Pizza пиццахонаси ва Imarat қаҳвахонасининг иш тартибидан норози. Уларнинг мижозлари тунги соат 2 ва 3 гача қолиб, шовқин-сурон қилишади, дейди улар.

«Эътирозимиз шундан иборатки, бизга соат 23:00 дан кейин нормал дам олиш имконияти берилсин. Ёш болалар, кексалар бор. Ахир, одамлар эрталаб ишга боришлари керак. Ҳотиржамлик йўқ, тинчлик йўқ. Улар ишлаётганини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Ҳаммаси тушунарли, улар бошқа одамларга иш ўринларини яратишяпти. Биз тушунамиз, ўзимиз ҳам уларнинг хизматларидан фойдаланамиз. Лекин бизнинг ҳам уйимиз бор. Ҳамма ётоқ хоналаримиз нариги томонда (кўча ва муассасаларга кириш жойлари устида — таҳр.), — дея тушунтиради муқимлардан бири Наталья Алексеевна.

Алёна Перепада «Экопарк» қурилиши бошланганидан буён уй аҳолиси ноқулайликларга дуч келаётгани, 2020 йилдан бошлаб эса 31-уйнинг биринчи қаватлари тадбиркорлар томонидан ўз бизнеси учун сотиб олинаётганини айтди.

Вячеслав Назаровнинг сўзларига кўра, тадбиркорлар ўз объектларини қуриш ишларини олиб боришда аҳоли билан келишмайди. Бунинг устига эгалари тез-тез ўзгариб туради, ҳар бири янгидан таъмирлаш ёки биноларни қайта қуриш ишларини олиб боради.

м1 даҳаси, снос

Назаров ва Перепада, шунингдек, ҳавони чиқариб ташлаш тизимининг ёмонлиги ҳамда айрим ресторанлардан чиқаётган ҳид ва уларнинг мижозларидан шикоят қилишди.

«Бу ерда аввал The Krusty Krab Burger бор эди. Унинг «витяжка»лари эса тўғридан-тўғри кўчага чиқариб қўйилганди. Бу дераза остида доимий ҳидлар бор дегани», — дейди эркак.

«Мен тўртинчи қаватда яшайман. Деразани очишнинг иложи йўқ, чунки одамлар айвонларда чекишади», — дейди Алёна Перепада.

Айвонлар ва дарахтларга ўрнатилган ёрқин чироқлар ҳам аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Алёна Перепаданинг айтишича, у тадбиркорлардан бу муаммони ҳал қилишни ҳам сўраган, бироқ улар унга янги пардалар сотиб олишни таклиф қилишган.

Руслан Атабеков ва Наталья Алексеевна эса Wendy’s ресторани ва уйнинг қаршисидаги Cyber Arena компьютер клуби олдида кечалари кўп одамлар тўпланишига ишора қилишди.

«Одамлар ноадекват аҳволда бўлишади. Уришишади, сўкинишади, жанжаллашишади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳафтада бир неча марта келишади», — дейди Руслан Атабеков.

«Улар куну тун ишлайди. У ерда ўйин ўйнашади. Кейин майдончага чиқишади-да ўз таассуротлари билан ўртоқлашади», — дейди Наталья Алексеевна.

Қурилаётган корхона ҳудудидаги дарахтларнинг кесилиши ҳам норозиликка сабаб бўлган. Аҳолининг сўзларига кўра, нотаниш одамлар қишда қорбобо либосида тунда келиб, 30 га яқин дарахтни кесиб кетишган.

Аҳолининг айтишича, уч йилдан буён мутасадди идораларга мурожаат қилиб, муаммоларини ҳал қила олишмаяпти. Уларнинг сўзларига кўра, мурожаатлардан сўнг тадбиркорлар томонидан бир неча бор қонун бузилиш ҳолатлари бўйича билдиришномалар келиб тушган, бироқ қонунбузарликлар бартараф этилмаган.

Руслан Атабеков бошқа фуқаролар каби бизнесга зарар етказишни истамаслигини айтади. Наталья Усмонова ҳам шундай дейди: «Мутлақо ақли расо, адекват одамлар ҳам бор, бу — GIA! музқаймоқлари, бу — Kulikov. Улар 23:00 да ишни тугатадиган одамлар».

«„ЧайКоф“ учун жуда афсусдаман. У ерда ҳаммаси жуда яхши бажарилганди. Инсонийлик жиҳатдан жуда афсусдаман. 10 дан кейин борсангиз, ҳеч қачон шовқин бўлмасди», — дея ҳамдардлик билдирди Алёна Перепада.

27 май куни «Экопарк»да Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов иштирокида «Пикник маданияти» тадбирида бўлиб ўтди. Вячеслав Назаров унга аҳоли муаммосини ҳал этиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Назаровнинг таъкидлашича, ҳоким в.б. масалани ўрганишни бир гуруҳ шахсларга тайинлаган. Улар бўлса кадастр қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаган. Вячеслав Назаровнинг айтишича, Шавкат Умурзоқовнинг ўзи ҳам ҳудудни кўздан кечирган.

Вячеслав Назаровнинг фикрича, турар-жой биносининг биринчи қаватида тез овқатланиш ресторанлари бўлмаслиги керак. «Муассасаларни махсус ажратилган жойларда жойлаштириш керак. Икки хонали квартирани ижарага олишади, лекин жой етишмайди», — дейди у.

Тадбиркорларнинг саволлари

Мухбиримиз билан суҳбатлашган барча тадбиркорлар ташқи айвон ва майдончаларни тартибга солиш бўйича ҳужжатлар йўқлигини эътироф этишди. Шунингдек, улар топшириқларнинг бунчалик шошилинч суръатда бажарилишидан ҳайратда.

«Биз шокдамиз. Бир-икки кун олдин келиб, кечгача бузиб ташланг, дейишди. Буйруқсиз. Кимгадир буйруқ (ҳужжат — таҳр.) беришибди, кўрсатишни сўрадим, лекин беришмади. Чиройли ойна қилгандик, бузишни сўрашди. Эшик қилишим учун бир неча кун сўрадим. Илгари кираверишдаги эшик ойнадан эди. Ҳозир эшиксиз ишлаяпман. Биров тунаб кетмасин деб, кечасига одам қоляпти. Бунинг учун вақт керак-ку», — деди GIA! раҳбари Бекзод Ғуломов.

Аҳолига халақит бераётган кучли ёритиш чироқлари ҳақидаги саволга Бекзод Ғуломов ва Иззатбек Асимов бу қўшимча хавфсизлик учун ҳам зарур эканини таъкидлашди.

«Илгари бу ер хавфли эди. Эрталаб шприцлар, спиртли ичимликлар шишаларини топишарди. Дўкон яқинидаги зинапояда уйсизлар ухларди, қоронғи эди. Кириш эшиги олдига лампочка ўрнатдим, муаммо ҳал бўлди», — деди GIA! раҳбари

«Биз қўшни ҳудудни ободонлаштиришга сармоя киритдик, ёритиш мосламаларини ўрнатдик. Кечқурун аёллар болалар ва аравачалар билан сайр қиладиган бўлишди. Илгари қоронғи эди. Ҳозирда барча чироқлар ҳокимлик вакиллари томонидан демонтаж қилинди», — деди Иззатбек Асимов.

30 май куни 31-уйда бир неча бор электр энергияси узилди. Умумий овқатланиш шохобчалари эгалари овқатлари бузилаётганини айтишди. Мухбир GIA! ишчилари музқаймоқларни қандай қилиб олиб чиқиб кетаётганларига гувоҳ бўлди.

Қонуний меъёрларнинг йўқлиги

Вазият ташқи айвонларни қуриш учун тартибга солинадиган меъёрларнинг йўқлиги билан янада оғирлашмоқда.

Мақола аввалида тилга олганимиз «ЧайКоф» вакили Алина Цимерман бу борада рухсат берувчи ҳужжатлар йўқлигини айтар экан, ўз постида президентнинг 2020 йил июлдаги коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонини эслаб ўтган. Мазкур ҳужжатда умумий овқатланиш корхоналарига ҳокимиятни хабардор қилган ҳолда туташ ҳудудларда ёзги айвонларни бепул асосда ўрнатишга рухсат берилганди.

Президент ўшанда 2021 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналари ҳузуридаги мавсумий кафелар фаолияти тартибларини тасдиқлаш бўйича топшириқ берди. Бироқ бу топшириқ ижроси бажарилмай қолиб кетди.

м1 даҳаси, снос

Pie Republic (М1да филиали мавжуд) ва «Пастернак» ресторани асосчиларидан бири Лазиз Ғуломов «Газета.uz»га берган изоҳида пандемия авжига чиққанида қандай қилиб муассасалар айвонларни сақлаб қолишга муваффақ бўлганини сўзлаб берди.

«2020 йилда собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан тузилган келишув туфайли ёзги айвонларни сақлаб қолишга муваффақ бўлгандик. Биз пандемиядан келиб чиққан қийинчиликларимизни тушунтирдик. Яна икки йил тегмасликка келишиб олдик. Сўровимиз Президент администрациясигача етиб борди ва президент фармони қабул қилинди», — деди у.

«Натижада Вазирлар Маҳкамасига [ёзги айвонлардан фойдаланиш қоидаларини] ишлаб чиқиш топширилди. Аммо ҳамма ҳужжатни унутди. Бир неча бор эслатдик, ҳокимликка бордик. Уларга кўрсатма берилмаганини айтишди. Ишни орқага суришди. Яқинда тез орада қонун қабул қилиниши маълум бўлди, энди ҳокимлик шошилинч равишда бизни судга беришни бошлади. Олдиндан снос тўғрисида қарор чиқартиришди. Қонун қабул қилинса, бизга нисбатан қўлланилмайди, чунки аллақачон суд қарори бор», — дея қўшимча қилди тадбиркор.

У ёзги айвонларнинг бузилиши катта йўқотишларга олиб келишини таъкидлади. Хусусан, Pie Republic`да ўриндиқлар сони 50 фоизга, тушум эса 40 фоизга қисқаради.

«Ёз келди, ҳамма айвонларда ўтиришни хоҳлайди, лекин айвонлар ёпиқ, — дейди Лазиз Ғуломов.

Аҳоли ва тадбиркорлар музокарага тайёр эканликларини айтишмоқда. Руслан Атабеков қўшма «йўл харитаси» ишлаб чиқиш ва у бўйича лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

Иззатбек Асимов эса ҳукуматдан тўртта столга рухсат беришни сўраган ва ўриндиқлар соат 23:00 гача ишлаш шарти билан солиқ тўлашга тайёрлигини билдирди.

Расмийларнинг баёнотлари

Ҳукуматнинг вазият ҳақидаги баёнотлари фақат снослар ва корхоналарнинг ёпилиши ҳақида интернетда хабар берила бошлаганидан кейин пайдо бўлди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 29 май куни маълум қилишича, учта уйдаги 11 та хонадон — М1 даҳасидаги 27, 28 ва 31- уйлардаги айрим хонадон мулкдорларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, жарима 80 млн сўм миқдорида жаримага тортилган.

Хабарда айтилишича, кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан қайта қуриш ишлари олиб борилган. Мулкдорларга хонадонларнинг ўзгартирилган тузилмаларини олдинги ҳолатини тиклаш топширилди. Хабарга «уйингиз деворини бузманг» хештеги ҳам қўшилган.

30 май куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 485-сон қарорига зид равишда ёзги айвон ва хўжалик иншоотлари барпо этилганини маълум қилди.

«Тадбиркорлар бу COVID-19 пандемия шароитида уларга берилган енгиллик ва қулайлик эканлигини таъкидлаб, ҳудудни тартибга келтиришга қаршилик қилишган, — дейилади ҳокимлик хабарида. — Аммо ҳар қандай фаолият қонун доирасида олиб борилиши шарт эканлиги ва ўрганишлар бундай ҳолатлар тўлиқ бартараф этилишини маълум қиламиз».

Туман ҳокимлиги «қонун доирасида ишлаётган барча тадбиркорларни қўллаб-қувватлашини» таъкидлаб, «ноқонуний бинолар қуриш билан шуғулланаётган тадбиркорларни тартиб»га чақирди.

Тошкент ҳокимлигининг 31 майдаги баёнотида шундай дейилади:

«Турар-жой биноларига доир Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг 6.2.-бандида келтирилишича:

Кўп квартирали турар-жой уйларнинг ички — туташтириб қурилган хоналарида қуйидагиларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

1) 35 ўриндан кўп бўлган, очиқ қўра ва мангал ишлатиб иссиқ овқат тайёрлайдиган, мусиқа жўрлигига эга овқатланиш корхоналари;

2) соат 22:00 дан кейин ишлайдиган барча хизмат кўрсатиш корхоналари;

3) жараёнлари шовқинли ва енгил алангаланувчан материаллар қўлланиладиган маиший хизмат корхоналари.

Бундан ташқари Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг Кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкция қилиш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш қисмининг 7.3.-бандига мувофиқ кўп хонадонли турар жой биноларида:

1) реконструкция қилинаётган хоналарда ораёпма плиталарига ва зинапоя сатҳларига таъсир қилувчи меъёрий юкланишларни ортиб кетишига сабаб бўлувчи қурилма ва асбобларни қўллаш;

2) туташ ва юқоридаги (пастдаги) хоналарга зарар етказилишини олдини олувчи махсус тадбирларсиз ишлаш;

3) эвакуация йўлларини, бошқа умумий фойдаланиш жойларини (зинапоя майдончалари, умумий йўлаклар, подъезд, айвон ва бошқа хоналар), шунингдек турар жой биноси атрофидаги ҳудудни тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Кўп қаватли биноларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилиши унинг сейсмик мустаҳкамлиги ҳамда зилзилабардошлигига жиддий салбий таъсир ўтказади.

Юқорида келтирилган манзилдаги объектларда ушбу нормаларнинг барчаси бузилган, шу сабабли мазкур объектлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлаштирилмоқда.

Яъни, тадбиркорларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар, қилингани йўқ, балки, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги асосида тегишли чоралар кўрилмоқда".

Баёнотда ушбу вазиятни ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш Тошкент ҳокимлиги томонидан амалга оширилгани алоҳида қайд этилган. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари иштирок этмаган ва кўрсатма бермаган.

Шу куни Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати 28 май куни бош вазир Абдулла Ариповнинг пойтахт ҳокими в. б. билан биргаликда М1 даҳасига боргани ва уйларнинг биринчи қаватидаги кафе ва дўконларни бузиш бўйича кўрсатмалар бергани ҳақидаги хабарларни рад этди.

28 май куни бош вазир аввалдан режалаштирилган жадвал бўйича Самарқандда бўлгани маълум қилинди. «Вазирлар Маҳкамасининг бирорта мутасаддиси кўрсатма бермаган ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган тадбирларда иштирок этмаган», — дейилади хабарда.

«Газета.uz» муаммо ҳақида ёзган эди

2020 йилнинг ноябрь ойида «Газета.uz» сайтида ҳуқуқшунослар Илҳом Азизов ва Умида Ҳақназар билан уйларнинг биринчи қаватидаги турар-жой биноларини назоратсиз ривожлантириш ва нотураржой биноларига ўтказиш муаммосини М1 даҳаси мисолида ҳал қилиш йўллари ҳақида катта интервью эълон қилинган эди.

м1 даҳаси, снос

Урбанист Искандар Солиев ташқий айвонлари бузилаётган кўчадаги бузилмай қолган объектга эътибор қаратди. Унинг маълум қилишича, мазкур объектнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд экан.

Дўкон ва қаҳвахона жойлашган мазкур бино тўғридан-тўғри чорраҳа устига қурилган бўлиб, бу ерда пиёдалар йўлаги мавжуд эмас ҳамда пиёдалар машиналар қўйиб кетилган жойда йўлнинг қатнов қисмидан юриб, реклама конструкциялари ва дарахтлар кўриш даражасини чеклаб қўйган бир ҳолатда ўз ҳаётларини хавф остига қўйишга мажбур бўлмоқда.

«Бизнинг қурилишдаги қонунлар, нормаларни кўплаб жойлари нотўғрилиги ёки эскиргани ҳамда уни кўриб чиқиш кераклигига бир мисолларидан бири», — дейди урбанист.

У ҳудудга тўсатдан келиб «снос» қилиш эмас, аксинча қандайдир стратегия билан кейинчалик қандай тарзда ривожланишини ҳисобга олиб қилиш кераклиги, ҳокимият, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотнинг муҳимлигини таъкидлади.