Қашқадарёда давлат байроғи рангидаги тасма таққан йигит иши юзасидан ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш бўйича Қамаши тумани прокуратураси томонидан тақдимнома киритилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан уларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

7 май куни Қамаши туманидаги бозорда ИИО ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги тасма таққан йигитни қўлга олганди. У тасмани ечишдан бош тортган, шундан сўнг йигит билан профилактик суҳбат ўтказилиб, судга тақдим этиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Бироқ шу куннинг ўзида Бош прокуратура йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарорни бекор қилган. «Юксалиш» ҳаракати эса ноқонуний талаб қўйган ИИБ ходимлари ва ноқонуний қарор қабул қилган суд ҳаракатларига қандай баҳо берилганига қизиқиб, иш тафсилотларини ошкор қилишга чақирганди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон байроғи рангларидаги тасмалардан мактабларда ўқув йили якунланган куни, шунингдек, 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида кенг қўлланилади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида ЎзЛиДеП байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш, фуқароларга ундан эркин фойдаланиш, хусусан, уни ўз уйи ва иш жойларига ўрнатиш ташаббуси билан чиққан эди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф қилинди.

Ҳозирда Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, шунингдек, байрамлар кунлари асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.

Судьялар олиш кенгаши Бобур Бекмуродовнинг пости бўйича муносабат билдирди.

«Юқорида қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид қарор суд мажлисида кўриб чиқилгунга қадар прокуратура органи томонидан бекор қилинган. Бу ўз-ўзидан ушбу иш судда мазмунан кўриб чиқилмагани ва ҳеч қандай суд ҳужжати қабул қилинмаганини англатади. Шу боис ҳолат юзасидан суднинг ҳаракатига баҳо бериш учун хизмат текшируви ўтказишга асос йўқ», — дейилади унда.