Ўзбекистон Либерал-демократик партияси давлат байроғидан фойдаланишга қўйиладиган талабларни соддалаштириш ташаббуси билан чиқди. Партия етакчиси Актам Хаитовнинг маълум қилишича, мамлакат байроғи қабул қилинган 18 ноябрь куни партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш кўзда тутилган.

Актам Хаитов байроқ Ўзбекистон суверенитети рамзи бўлиб, мамлакат халқини умуминсоний қадриятларга содиқлик, тинчликни сақлаш ва келажакка қадам ташлашга даъват этиб туришини таъкидлади.

«Миллий байроғимизнинг кундалик ҳаётимизда доимий ҳамроҳимизга айланиши бизнинг давлатда яшовчи барча миллат ва элат вакилларини жипслаштиришда муҳим ўрин тутади», — деб ёзади у.

Унинг қўшимча қилишича, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида фуқаролар байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш, давлат байроғи тўғрисидаги қонунни замон талабларига мувофиқлаштириш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ нормаларни либераллаштириш зарурлиги ҳақида очиқ гапирмоқда.

ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси Расул Кушербоевнинг таъкидлашича, партия амалдаги қонунчиликда байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилиб, фуқароларнинг ундан эркин фойдаланишига рухсат беришни таклиф қилмоқда.

«Оддий айтганда бу ўзгаришлардан кейин фуқаролар ҳам байроғимизга ҳурмат сақлаган ҳолда ўз хонадонларига ҳам илиш, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкин бўлади», — деди депутат.

Бундан ташқари, у бу орқали байроқ бўйича мавжуд чекловлар учун белгиланган жазо масаласини ҳам қайта кўриб чиқишга тўғри келишини қайд этди.