Ижтимоий тармоқларда Қамаши туманидаги бозорда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги ва «Битирувчи» ёзуви бўлган тасма таққан йигитни қўлга олгани акс этган видео тарқалди.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизматининг Kun.uz нашрига хабар қилишича, воқеа 5 май куни Қамаши шаҳридаги «Чим» бозорида содир бўлган.

Бозорда навбатчилик қилаётган профилактика инспекторлари тасмали йигитни пайқаб, уни тўхтатиб, давлат рамзлари тўғрисидаги қонунга кўра, уни бу кўринишда тақиб юриш унга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланишини айтган ва тасмани олиб ташлашни сўраган.

«Фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатган», — дейилади хабарда.

Натижада белгиланган тартибда Қамаши туманида яшовчи фуқаро Р. И. билан профилактик суҳбат ўтказилган", — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумотида.

Ҳолат юзасидан фуқарога МЖтКнинг «тегишли моддалари»га кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган, дея қўшимча қилди ИИБ.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон байроғи рангларидаги тасмалардан мактабларда ўқув йили якунланган куни, шунингдек, 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида кенг қўлланилади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида ЎзЛиДеП байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш, фуқароларга ундан эркин фойдаланиш, хусусан, уни ўз уйи ва иш жойларига ўрнатиш ташаббуси билан чиққан эди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф қилинди.

Ҳозирда Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, шунингдек, байрамларда асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.