«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов давлат органларини Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон байроғи рангидаги тасма таққан йигит қўлга олинган, аммо кейинроқ Бош прокуратура томонидан ёпилган иш юзасидан батафсил маълумот беришга чақирди.

Ҳаракат раиси ўзининг Telegram каналидаги постида ички ишлар органининг йигитни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ноқонуний қарори бекор қилиниши билан адолат ўрнатилганини таъкидлади.

«Бироқ фуқарога ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда», — дейди Бобур Бекмуродов.

«Бошқача айтганда, адолат қарор топди, бироқ қонун устуворлиги тўлақонли таъминландими?» — сўради у.

Ҳаракат раиси 8 май куни президент Шавкат Мирзиёев парламент палаталари, суд ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда партиялар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шартлиги, бу қараш, айниқса, мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши кераклиги ҳақида гапирганини эслатиб ўтди.

Президент иқтибос келтирган Конституциянинг янги таҳририда «Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади», дейилган (20-модда).

«Кенг жамоатчиликнинг ва „Юксалиш“ ҳаракати аъзоларининг мурожаатларига асосланиб, тегишли идоралар масала юзасидан батафсил ахборот бериши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — деди Бобур Бекмуродов.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, шунингдек, байрамларда асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.

2022 йилнинг ноябрь ойида ЎзЛиДеП байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш, фуқароларга ундан эркин фойдаланиш, хусусан, уни ўз уйи ва иш жойларига ўрнатиш ташаббуси билан чиққанди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф қилинган.