Ўзбекистон Бош прокуратураси аралашуви билан Қашқадарё вилояти Қамаши туманида байроқ рангидаги тасма таққан йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор бекор қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг расмий Telegram-каналида хабар берилди.

«Бош прокуратура аралашуви билан йигитга нисбатан қўлланилган ушбу ноқонуний қарор бекор қилиниши таъминланди», -дейилади хабарда.

Аввалроқ тармоқларда Қамаши туманидаги бозорда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги ва «Битирувчи» ёзуви бўлган тасма таққан йигитни қўлга олгани акс этган видео тарқалган эди. Вилоят ИИБ тасмани ечишдан бош тортган йигит билан профилактик суҳбат ўтказилгани, унга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилганини маълум қилди.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, шунингдек, байрамларда асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида ЎзЛиДеП байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш, фуқароларга ундан эркин фойдаланиш, хусусан, уни ўз уйи ва иш жойларига ўрнатиш ташаббуси билан чиққан эди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф қилинди.