11 май куни президент Шавкат Мирзиёев энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатда бензин ва дизель захирасини шакллантириш вазифасини қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Йиғилишда Ўзбекистонда бензин ва дизель ёқилғисини олиб келишга барча чекловлар олиб ташлангани айтилди. 2022 йилда маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми 1,26 млн тонна бензин (2021 йилга нисбатан +11,5 фоиз) ва 800,1 минг тонна дизель ёқилғиси (+5,9 фоиз)ни ташкил этди.

Бундан ташқари, ёқилғи олиб келувчи тадбиркорларга айланма маблағ учун кредитлар ажратилиши белгилангани қайд этилди.

Шунингдек, йил бошидан буён 5 мингта электромобиллар (Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 3 ойда 1668 та) олиб келингани таъкидланди. Давлат раҳбари улар учун ҳудудларда етарли инфратузилма яратиш лозимлигини билдирди.

Бу борада келгуси уч йилда 3,5 мингта қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, имтиёзлар берилган. Президент вилоят ҳокимларига 2023 йилнинг ўзида 900 та қувватлаш қурилмалари ўрнатилишини таъминлаш вазифасини топширди.