YouTube`даги нашидани Telegram гуруҳга юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовнинг 3 йилга қамалгани ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси эса «тергов идоралари унинг ҳаракатларини тўғри малакалаган», дея хабар берди.

Йигитнинг онаси Гулчеҳра Умарова ўғли билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Олий судга видеомурожаат йўллади.

«Нашида нима эканини мен ҳам, ўғлим ҳам билмас эдик»

Онанинг сўзларига кўра, Жаҳонгир — оилада тўнғич фарзанд. Аёлнинг ўзи шифохонада, турмуш ўртоғи ободонлаштириш бўлимида ишлайди. «Ўғлим университетда ўқийди. Оилада энг катта фарзандим, болам унақа ёмон бола эмас. Ишонаман, у менинг ғурурим», — дейди она.

Гулчеҳра Умарованинг айтишича, 2022 йилнинг кузида у ишдан — сменадан қайтиб, ухлаб ётганида фарзандлари уйларига икки киши келганини айтиб, уни уйғотган.

«Чиқсам, „Жаҳон сизнинг ўғлингизми?“ дейишди. Улар ўзини таништирди ва дачада ўғрилик бўлган дейишди. Мен ўғлим ўғрилик қиладиган боламас, у ўқийди, ишлайди, кечқурун келади, деб айтдим. Улар эса „ўша ерда Жаҳон, Жаҳон, деб бақиришган, маҳалладаги ҳамма Жаҳонгирларни териб кетяпмиз“, деди. Ўғлимга телефон қилиб, дачада ўғрилик бўлган экан, чақиряпти деб айтдим. Кейин Фурқат деган бола фарзандим билан гаплашиб, унга борадиган жой манзилини юборишини, айтилган жойда учрашишларини таъкидлади. Фурқат деган болага ўғлимни кечгача ушлаб турманглар, жавоб бериб юборинглар, дедим. Улар кетишганидан кейин жуда кўп телефон қилдим, ҳеч ким кўтармади», — дейди у.

Онанинг қайд этишича, ўша куни соат 00:00 га яқин ўғлининг ўртоғининг онаси келиб, «ўғлингиз нима қилиб қўйганини биласизми?» дея жанжал кўтарган.

«Ичкарига олиб кирдим, нима эканини ҳатто тушунмай қолдим. Улар „нашида, нашида“ деб айтишди. Мен ҳатто нашида нима эканини билмайман, у нашида дегани қўшиқ, шеър дегани экан. Ўзимнинг умуман диндан хабарим йўқ. Кейин Жаҳонгир бир соатларда келди. Мен у нима эди деб сўрадим. Жаҳонгир „Ая, мен ҳам билмайман нималигини, мен уни қўшиқ деб эшитганман, қўшиқ, қўшиқ“ деб айтаверди. Ҳатто у қанақа қўшиқ экан деб кўришга дадаси рухсат бермади. „Сен болани ўқитаман, олий маълумотли қиламан деб қўймадинг, хароб қилдинг болани“, деди, уйда ҳар куни уриш, ҳар куни шу мавзу», — дейди аёл.

Унинг айтишича, ўғли Жаҳонгирни кузда ишхонасидан чақириб, ўғрилик билан, деб айтиб олиб кетишган. Кечқурун уйга қайтганида эса «нашида» деб айтишган.

«Февраль ойининг 24-санасида мен ишхонада эдим, кечқурун уйга келдим. Олиб кетган болалар телефон қилди-да, „ўғлингизга туша олмаяпмиз, ўғлингиз керак“, дейишди. Дадаси Жаҳонгирнинг телефонини олиб қўйишгани, қўлида телефони йўқлигини айтди. „Унинг телефонини олиб қўйган экансизлар, қандай тушасизлар?“ деб айтдим. Дадаси уларга ишхонасидан икки кишининг рақамини берди. Жаҳонгир улар чақирган жойга борган. Кечқурун соат 23:30 ларда „ая, 48 соат шу ерда мени ушлаб тураркан, хавотир олманглар“, деб айтди», — дейди у.

Гулчеҳра Умарованинг қайд этишича, эртаси куни адвокат Жаҳонгир Улуғмуродовнинг дадасига телефон қилиб, «мен давлат адвокатиман, ўғлингизга тайинланганман, хоҳласангиз, бошқа жойдан ҳам адвокат топишинглар мумкин», деган.

«Ўша кундан кейин ўғлимни очиқликда кўрмадим, фақат тергов пайти икки марта учрашувга борганда кўрдим. Тергов вақти адвокат бизни чақиришини айтишганди, аммо чақирмади. Фақат тергов тугатилди, деб адвокат телефон қилди. Шундан кейин фақат суд пайти кўрдим, икки марта суд бўлди. Давлат тарафидан берилган адвокатга тергов учун 3 млн сўм, судга қатнашгани учун 3 млн сўм бердим. Ўзимиз адвокат ёллашга қурбимиз етмайди. Суддан олдин адвокат билан икки марта учрашганман. Адвокат менга „болангизни олиб чиқиб бера олмайман, фақат йилини камайтириб бера оламан“, деди. Суд куни ҳам шу гапни қайтарди», — дейди она.

Гулчеҳра Умарованинг сўзларига кўра, судда тергов қилинган болаларнинг ҳаммаси нимани билган бўлса, бир хил гапириб берган, барчасининг фикри бир хил бўлган.

«Судья болаларга „Олдин бу қўшиқни эшитганмисизлар?“ деб савол берди. Болалар „Бу қўшиқни эшитмаганмиз, эшитган бўлсак, тергов пайти ўзлари қўйиб беришди“, деб айтишди. Ўзимнинг укамнинг қизи ҳам шу гуруҳда бўлган. У ҳам бу гуруҳни очмаган. Биз бу қўшиқни эшитмаганмиз, деб судда кўрсатма берди. Маҳалла болани кафилликка оламиз деб бошидан айтган. „Бу болада ҳеч қандай айб йўқ, битта қўшиқ учун қамалиб кетмасин“, деб кафилликка туриб берди. Репетитор ўқитувчиси ҳам кафилликка туриб берди. Ўзим институтга бориб, болам тўғрисида тавсифнома олдим, ишлайдиган жойи — Қамар дўкони ходимлари ҳам у ҳақда ёмон гап гапирмади, тавсифнома беришди», — дейди она.

«Ўғлимга яна бир имкон беринглар»

Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси фарзандига яна бир марта имкон берилишини сўраб, мамлакат президенти ҳамда Олий суд, ИИВ раҳбариятига мурожаат қилди.

«Дардимни эшитадиган бирор одам борми? Агар қўлларингиздан ёрдам бериш келса, ёрдам беринглар. Бандаси бирор оғир иш қилса, тавба қилса, Худо кечираркан. Болам суд залининг ўзида кечирим сўради. Шу қўшиқ шунчалик қадрли экан, инсон қадри қаерда қолди? Кечирмасдан 3 йил бериб юбориш одамгарчиликданми, инсофданми? Сизларнинг ҳам болаларинг борми? „Буни қўшиқ деб эшитганман“, деди болам. Агар ўқимишли одам бўлганда ҳам шуни билмасди. Орган ходимларидан сўраганимда „ўғлинг намоз ўқийдими“ деб сўрайди… Ойнаи жаҳон орқали адолат тўғрисида кўп гапирилади, агар ростдан адолат бўлса, ҳурматли президент сизга, Олий судга, ички ишларга илтимос қиламан, ёрдам беринглар, ўғлимга яна бир имкон беринглар. Бу имконият фақат ўғлим учун эмас, мен учун ҳам берилган бўлади. Бу ҳолатимни душманимга ҳам раво кўрмайман», — деган она ўз мурожаатида.

Гулчеҳра Умарованинг қайд этишича, уларнинг оиласида ҳеч ким олий маълумотга эга эмас.

«Болаларим ўқиса, мени камбағалликдан олиб чиқиб кетади, деб ҳаракат қилганман. Чунки мактабда яхши ўқиганимга қарамай, институтларга кириш насиб қилмаган, имконимиз бўлмаган. Дадам укамга фақат „ўғрилик қилма, бировни урма, бировга ёмон гапирма“ деб айтарди. Мен ҳам боламга фақат шу нарсаларни айтибман, бировнинг ҳақига хиёнат қилма, бировни урма, дебман. Мен ҳам шу одамларга ўхшаб олий маълумотли бўлганимда, балки телефонда шунақа нарсалар борлигини билганимда, боламга шу нарсаларни уқтирган бўлардим», — дейди талабанинг онаси.

Аёл ўз видео чиқишида нашида билан боғлиқ қатор саволларни ўртага ташлади.

«Ўша нашида мумкинмаслиги нега шу пайтгача айтилмаган? Нега телевизорларда айтилмайди, ҳамма каналларда сериал, рекламалар бўлади-ку? Нега рекламалар орасида шу нарсалар мумкинмаслигини кўрсатишмайди? Биз қаердан биламиз, болам қаердан билади у нашида эканини, мумкин эмаслигини?» — дейди аёл.

«Болам ёмон бола эмас, ёмон йўлга кирмаган, ҳар куни уйга келади, овқатини еб, укаси билан ўйнаб ўтиради. Араб тилини билмайди, инглиз тилида бироз гапиришга ҳаракат қилади. Укаларига математика, инглиз тилидан ўргатади. Уч фарзандим бор — каттаси Жаҳонгир. Кейингиси 16 ёш. Энг кичик фарзандим 5 ёш. Уни боғчага қўйиш ниятим йўқ эди, Жаҳонгир „Ая, биз боғчага бормаганмиз, мен рўзғорга қарашяпман, укамни боғчага қўйинг, тил ўргансин“ деб айтгани учун боғчага қўйгандим. Энди рўзғорга ёрдам бераётганди», — дейди у.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, иш ҳужжатларига кўра Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х смартфони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда унинг фойдаланувида бўлган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги «Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз» номли жиҳод ва ҳижратга даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган Alhamdulillah номли гуруҳга тарқатгани аниқланган.

Шу сабабли йигитга тегишли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган. Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани судининг 8 майдаги ҳукмига кўра Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда туғилган, маълумоти — тугалланмаган олий)га Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.