Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июндан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини (p2p ўтказмалари) амалга оширишда электрон ҳисобварақ-фактура бериш тартибини бекор қилиш бўйича топшириқ берди. Бу давлат раҳбарининг 8 майдаги Конституциянинг янги таҳририни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Қарор «мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида» қабул қилинди. Чунки бу тартиб янги Конституциянинг 41-моддасига (банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади) зид келади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов ташкилотлари p2p пул ўтказмаларини амалга ошираётганда хизмат учун электрон ҳисоб-фактураларни (ЭСФ), шу жумладан ноль комиссия билан расмийлаштириши ва тақдим этиши шарт. Яъни, ўтказмалар тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларига ўтказилиши керак.

Мазкур тартибни жорий этиш Ўзбекистон президентининг 10 февралдаги қарорида кўзда тутилган. Аммо Адлия вазирлиги экспертиза ўтказганида ушбу норма ҳужжатда бўлмаган, Марказий банк билан ҳам келишилмаган. Ушбу тартиб Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги томонидан ҳужжатга киритилган.

Яқинда Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов регулятор ушбу нормага салбий муносабатда эканлигини ва унинг позицияси «оммавий ахборот воситаларидаги муҳокамалардан кўра кескинроқ» эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, банклардан p2p ўтказмалари бўйича маълумот сўраш учун тегишли қоида қабул қилиниши керак, уни эса Марказий банк розилигисиз банкларга ўтказиб бўлмайди.

«Юксалиш» ҳаракати ҳам картадан картага ўтказмаларни солиқ назорати остига олиш нақд пулга бўлган талабнинг ошишига олиб келиши, банк тизимидаги маблағлар норасмий бозорга ўтиши ҳақида огоҳлантирди.