2023 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистондаги тўлов ташкилотлари жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширишда (p2p ўтказмалари) хизмат кўрсатиш учун электрон ҳисоб-варақаларни (ESF) расмийлаштириши ва тақдим этиши керак бўлади.

Бу Ўзбекистон Президентининг 10 февралдаги қарорида кўзда тутилган. Ўзгариш аҳоли орасида p2p ўтказма хизматлари нархларининг ошиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди. Бугунги кунда бир электрон ҳисоб-варақаси учун хизмат нархи 270 сўмдан 450 сўмгача. Солиқ қўмитаси таннархни 1 сўмга туширишни режалаштираётганини маълум қилган.

Кейинроқ, Адлия вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилаётган президент қарори лойиҳасида бу банд йўқлиги маълум бўлди. Катта эҳтимол билан бу банд ҳужжатни текшириш ва баҳолашдан кейин пайдо бўлган.

28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Адлия вазири Акбар Тошқулов «Газета.uz»га ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.

«Қонунчилик жараёни жуда катта. Қонунларда белгиланган талабларга кўра, [лойиҳа ҳужжатлари] биздан (ҳуқуқий экспертизадан — таҳр.) ўтиши керак. Баъзида шундай (экспертизадан сўнг норматив ҳужжат лойиҳасига қўшимча банд қўшилиши) ҳолатлари учрайди. Буни, албатта, тегишли ташкилотларга етказамиз ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги чорасини кўрамиз», — дейди вазир.

«Газета.uz» мухбирининг «Экспертизадан ўтмаган ушбу банд қарордан олиб ташланадими?», — деган саволига Тошқулов «Йўқ, қарор имзоланган», — дея жавоб берди.

Қонунчилик департаменти бошлиғи Миржалол Аллакулиев вазир жавобига қўшимча қилиб, «Қонунчиликда „Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтгандан кейин ҳужжатлар ўзгармайди“ деган қатъий талаб йўқ», деди.

«Масалан, қонун. Биз лойиҳани ишлаб чиқдик, экспертизадан ўтказдик ва парламентга топширдик, у қонунни хоҳлаганча ўзгартириши мумкин. Бошқа муассасаларда ҳам худди шундай, чунки буни ҳужжатни қабул қилувчи ташкилот ҳал қилади», — деди вазир.

Акбар Тошқулов электрон ҳисоб-варақа бюрократияга олиб келмаслиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу қарорнинг аҳолига юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсири ва иқтисодий самарадорлигини ўрганиши кераклигини айтди.

«Адлия вазирлиги [лойиҳани] қонунчилик, бюрократия, коррупция омилларининг мавжудлиги ёки йўқлиги нуқтаи назаридан кўпроқ ўрганмоқда», — дея тушунтирди у.