6 май куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани тоғли «Кўл» кузатув станциясида ҳаво ҳарорати +3 даражани ташкил этди. Бу ҳақда Ўзгидромет ходими Эркин Абдулахатов ўзининг Telegram каналида ёзмоқда.

Эрта тонг станцияда ҳарорат ноль даражага яқинлашган ва вилоятнинг тоғли ҳудудларидан нам ҳаво оқими ўтгани учун денгиз сатҳидан 2 км дан юқори тоғли ҳудудларда қор ҳодисаси кузатилган.

Хусусан, Шаҳрисабзнинг тоғли Саричашма қишлоғида қор ёғиб ўтди.

Маҳаллий Telegram каналларда эълон қилинган видеоларга кўра, Китоб тумани тоғли Аспидухтар ва Деновбулоқ қишлоқларида ҳам қор ёғган.

Бундан ташқари, Яккабоғ тумани тоғли Зармас қишлоғи ҳамда Деҳқонобод тумани Ойбек тоғликларида қор ёғганини кўриш мумкин.

Uzb Meteo канали Шаҳрисабз тумани Ғелон қишлоғидан ҳам қор манзараларини тақдим этди.

«Қашқадарё вилояти денгиз сатҳидан 2200 метр юқори тоғли қишлоқларида ёғган қор ҳодисалари ва ҳароратнинг ноль даражагача пасайиши ҳудудлардаги тугган мева ва гулларни совуқ уришига олиб келган бўлиши мумкин», — деб ёзади мутахассис.

Қашқадарёдан сўнг Жиззах вилояти Зомин тумани денгиз сатҳидан 2 км юқориликдаги Зомин санаторияси атрофида ҳам қор ёға бошлади.

Хоразм вилояти маркази Урганчда эса 1 сутка давомида умумий 23.7 мм ёмғир ёғиб ўтган. Хива туманида 13 мм, Туямўйинда 4 мм, Гурланда 0.6 мм гача ёғин тушган.

6 майда водий вилоятларидан ташқари (Фарғона вилоятида эрта тонгдан бери кучли шамол кузатилмоқда) жойларда ёғингарчилик кутилади. 2000 метрдан юқори тоғли ҳудудларда қор ёғиши мумкин.

5 май, жума куни тушдан сўнг Ўзбекистоннинг жанубий қисми, хусусан, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида чанг бўронлари содир бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет хизмати Ўзбекистонда иш ҳафтаси давомида ҳарорат Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан кучсиз салқин ҳаво оқими кириб келиши ҳисобига барқарор бўлиши айтилганди. Шунингдек, дам олиш кунлари ҳам ҳаво салқин бўлиши прогноз қилинган.

5−7 май кунлари Ўзбекистонда кузатиладиган кучли ёмғирлар сабабли 9 та вилоятда сел-сув тошқини юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган. Айрим жойларда дўл ёғиши, шамол тезлиги кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши кутилмоқда.