Ўзгидромет хизмати агентлиги дам олиш кунлари — 6−7 май саналарида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Синоптикларнинг маълум қилишича, жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво кам булутли, қуруқ ва илиқ бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати +24…+29 даража атрофида бўлади.
Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразмда ва кечга томон Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика шимолида ҳаво ҳарорати +18…+23 даражагача пасаяди.
6 майда республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +18…+23 даражагача пасаяди, бу май ойининг боши учун бўлган меъёрдан 3−5 даражага пастдир.
7 майда республиканинг марказий ва шарқий вилоятлари бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +8…+13 даражагача пасаяди, кундузи ҳарорат +20…+25 даража атрофида бўлади.
Республиканинг айрим жойларида дўл ёғиши мумкин. 5 майда шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 6 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда шамол 22−25 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар бўлиши мумкин.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 5−7 май кунлари вақти-вақти билан момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 5−7 май кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.