2 май куни Ўзбекистон омбудсмани Феруза Эшматова «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятининг тадбиркорлар Дилшод Тўрахўжаев ва Ҳасанбой Абдунабиевнинг қийноқларга солингани ҳақидаги ҳисоботи юзасидан баёнот эълон қилди.

Баёнотда қайд этилишича, омбудсманга адвокат У. М.нинг ҳимояси остидаги Ҳасанбой Абдунабиев қийноққа солинганлиги ҳақида юборган мурожаати тезкорлик билан ижрога қаратилиб, 1 май куни ушбу мурожаат Ўзбекистон ЖПК талаблари асосида кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага омбудсманнинг алоҳида назорат хати орқали юборилган.

Шунингдек, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан хабарларда қайд этилган шахслар билан учрашиб, ҳоли тарзда суҳбатлашишлари учун навбатдан ташқари мониторинг ташрифини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.

«Омбудсманга юборилган қийноққа оид мурожаатлар, жумладан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар дарҳол назоратга олинади ва ўрганилади. Албатта ўрганиш натижалари бўйича, хусусан юқоридаги мурожаат юзасидан жамоатчилик хабардор қилинади», — дейилади омбудсман матбуот хизмати хабарида.

Омбудсман ҳузуридаги қийноқларни олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари таркибига тажрибали, билим ва савияси юқори бўлган ҳуқуқ фаоллари, жумладан, «Гуманитар ҳуқуқий марказ» директори Шухрат Ганиев, «Ҳуқуқий таянч» нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Аъзам Фармонов, «Минтақавий мулоқот» Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси Бехзод Шарипов, Швеция ташкилоти «Марказий Осиё Уюшмаси» Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулова, Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий ахборот маркази раиси Нодира Каримова, «Шарқ аёли» халқаро аёллар жамоат фонди раиси Саодат Турсунбоева, психолог Шоира Исакова ҳамда турли соҳаларда фаолият юритувчи етакчи олим ва мутахассислар, жамоатчиликнинг фаол вакиллари киритилган, дейилади хабарда.

«Ўзбекистон инсон қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш йўлини танлаган. Шу нуқтаи назардан қийноққа оид мурожаатлар алоҳида назорат остида бўлади. Омбудсман қийноқ ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш тарафдори», — дейилади омбудсман хабарида.