2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,5 фоизни ташкил этди, дея хабар бермоқда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги.

Бу январь ойи охирида президент билан учрашувда айтилган прогноздан сезиларли даражада юқори. Январь ойидаги аномал совуқ туфайли электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар фонида республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида (уларда 350 минг аҳоли банд) 7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача), деганди президент ўшанда.

Саноат ишлаб чиқаришга оид маълумотлар ҳам ЯИМ ўсиши секинлашишини кўрсатди. Январь-февраль ойларида бу кўрсаткич 3,9 фоизга камайган, бироқ март ойида Статистика агентлиги саноат ишлаб чиқаришнинг кескин ўсганини маълум қилди — 4,1 фоиз.

Январь-февраль ойларида 12,9 триллион сўмни ташкил этган қурилиш ишлари ҳажмида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоизга кам. Шу билан бирга, агентлик биринчи чорак якунларига кўра, қурилиш ҳажми 27,56 триллион сўмга (+14,6 триллион сўм) ёки 2022 йилнинг январь-мартига нисбатан 4,5 фоизга ошгани ҳақида хабар берди.

Бозор хизматлари ҳажми 10,9 фоизга (2022 йилнинг март ойида — 15,9 фоизга), қишлоқ ва балиқ хўжалиги 3,2 фоизга (2,8 фоиз), чакана савдо товар айланмаси — 5,2 фоизга (10,8 фоиз) ўсди.

Биринчи уч ойда ташқи савдо айланмаси 11,9 фоизга, импорт 23,4 фоизга ошди, бироқ экспорт 2,6 фоизга қисқарди.

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсишини 4,5−5 фоиз даражасида прогноз қилди.