Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Наманган вилоятида тадбиркорлар билан ўтказилган йиғилишда мамлакатда кескин совуқдан жабр кўрган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини маълум қилди, деб хабар берди Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Хушнудбек Худайбердиев.

«Бу йил қиш ниҳоятда совуқ келди. Кўплаб тадбиркорлар бундан қийналганини билиб турибман», — деди президент.

Хусусан, республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида 7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган (уларда 350 минг аҳоли банд). Ҳисоб-китобга кўра, зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача).

️"Олдимизда долзарб вазифа — «қаттиқ совуқ» оқибатларини бартараф этиб, бизнес фаолиятини тезроқ изга тушириш", — деди Шавкат Мирзиёев. Шу боис иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида қарор имзоланган.

Унга кўра, «қаттиқ совуқ»дан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади. Жумладан:

  • 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади;
  • 29 мингта тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва «пеня»сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
  • қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади;
  • носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;
  • 27 мингта тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади);
  • давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва «пеня» 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;
  • ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.

Шунингдек, қурилиш ва қурилиш материаллари тармоқларини тезроқ тиклаш учун давлат инвестиция дастуридан 3 триллион сўмлик молиялаштириш шу ҳафтадан очилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан аномал совуқ даврида электр ва табиий газ таъминотидаги узилишлар сабабли тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келган салбий оқибатларни бартараф этиш мақсадида пойтахт тадбиркорлари ўртасида сўров ўтказилганди.