БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO — Food and Agriculture Organization) чигирткаларга қарши кураш бўйича Тожикистон ва Ўзбекистон агентликлари ўртасида трансчегаравий тадқиқот ўтказди. Бу ҳақда ташкилот «Газета.uz»га хабар берди.

Тадбир Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан молиялаштирилаётган FAO`нинг «Марказий Осиёда чигирткаларга қарши курашни такомиллаштириш (2-босқич)» лойиҳаси доирасида ўтказилди.

4−5 апрель кунлари тадқиқотнинг биринчи қисми Тожикистонда Хатлон вилоятининг чегарадош ҳудудлари ва республикага қарашли 30 минг гектар майдонда бўлиб ўтди. 6−8 апрель кунлари чигирткага қарши мутахассислар Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятининг 40 минг гектарга яқин ҳудуди ўрганилган чегара ҳудудларида бўлди.

FAO тадбирни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб, Тожикистоннинг «Чигирткаларга қарши кураш экспедицияси» давлат муассасасининг 6 нафар, Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг 5 нафар ходимининг иштирокини қўллаб-қувватлади.

«Трансчегаравий тадқиқот чигирткаларга қарши курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни кучайтирди. Чегаранинг ҳар икки томонида ўтказилган ўрганишлар давомида чигирткалар ҳолати ва унга қарши курашиш усулларини кўриб чиқдик, шунингдек, ўз вақтида маълумот алмашишга келишиб олдик», — деди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш бўлими бошлиғи Баҳодир Худайқулов.

Сўров натижаларига кўра икки давлат идоралари ўртасида умумий хулосалар ва келгусидаги ҳаракатлар тўғрисида баённома имзоланди. Улар орасида чигирткаларга қарши кураш ва мониторингни кучайтириш, шунингдек, ўрганилаётган чегара ҳудудларида чигиртка ривожланиши тўғрисида доимий маълумот алмашиш киради.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистон ҳудудларида чигирткалар тарқалишининг олдини олиш ишлари бошланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида 500 минг гектардан ортиқ ҳудудни махсус ишлов бериш режалаштирилган.

Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд ва республиканинг бошқа вилоятларида чигирткалар кўпайиш эҳтимоли бўлган ўчоқларга махсус ишлов бериш чоралари кўрилмоқда.