Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов ва ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев 8 апрель куни Хитойдан келган янги автобуслардан бирида ҳаракатланди. Xabar.uz томонидан қисқа видеоролик элон қилинди.

Видеода бир аёл автобусларга болалар аравачаси билан чиқиш, айниқса, автобуслар тиқилинч бўлган пайтда жуда қийин эканини айтиб, шикоят қилди.

«Бекатларни [автобус поли баландлигигача] тўғрилаймиз (қўли билан кўрсатиб — таҳр.)… Хориждан мутахассисларни чақирдик, катта ишлар кетмоқда. Ҳаммаси биттада тўғри бўлади», — деди ҳоким вазифасини бажарувчи.

Унинг қўшимча қилишича, бекатлар олдида сув тўпланиши ҳам бартараф этилади. «Сал сабр қилиб туринглар», — деб сўради у.

2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини танқид қилганидан сўнг ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов автобусга ўтириб, сўнг метрога тушиб кетган эди.

Президент февраль ойида пойтахт автобус паркини янгилаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Унда Хитойдан 1000 та автобус — 700 та катта сиғимли автобуслар, шу жумладан, 200 та ўта катта сиғимли автобус («гармошкали»), шунингдек, 300 та электроавтобус харид қилиш кўзда тутилганди.

8 апрель куни эрталаб «Янги Ўзбекистон» боғида Хитойда ишлаб чиқарилган автобус ва электробусларнинг биринчи партиясини (жами 233 та) қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Шундан 203 таси Yutong электробус ва автобуслари, 30 таси эса ўта катта сиғимли (18 метрли) King Long автобусларидир. Қолган машиналар ёзгача етказиб берилиши кутилмоқда.