«Ўзбекнефтгаз»нинг ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro иқтисодчи Отабек Бакировнинг Ўзбекистондаги бензин нархларига оид 3 апрелда ёзган постига муносабат билдирди.

«Ўзбекистон парадокси»

Отабек Бакиров нефть нархи 85 доллардан 70 долларга тушганда Ўзбекистонда бензин нархи ўзгармагани, нефть 85 долларга кўтарилгач, бензин нархи ошганини ёзди. У буни «Ўзбекистон парадокси» деб атади.

Европанинг Brent нефть нархи 3 апрель куни март ойи бошидан бери илк бор баррелига 85 доллардан ошди. Ойлик энг юқори кўрсаткичнинг янгиланишига якшанба куни қабул қилинган ОПEК+ (Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти)нинг йил охиригача нефть қазиб олишни олдиндан келишилган 2 миллион баррелга қўшимча равишда кунига 1,15 миллион баррелга камайтириш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди. Хусусан, Саудия Арабистони ишлаб чиқаришни суткасига 500 минг баррелгача қисқартириш ниятида.

Март ойининг дастлабки ҳафталарида нефть нархи 85 доллардан 70 долларга тушди, бироқ Ўзбекистонда бензин нархи тушмади, дейди у. Шу билан бирга, жума кунидан бошлаб Аи-80 бензини нархи 6000 сўмдан 6050−6100 сўмгача кўтарилган.

У 2022 йил декабридан 2023 йил охиригача Аи-80 бензини ва унинг чакана савдосига акциз солиғи нолга туширилганини эслатиб ўтди (шундан сўнг декабрь ойида Аи-80 нархи 5500 сўмгача тушиши мумкинлиги хабар қилинган, бироқ нарх 6800 сўмдан 5700 сўмга пасайган, кейин эса 6000 сўмгача кўтарилган). «Газета.uz»нинг Иқтисодиёт ва молия вазирлигидаги манбаси тақдим этилаётган имтиёзлар туфайли давлат бюджетидан 1,3 триллион сўмга яқин маблағ йўқотилишини маълум қилган.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш, импорт, улгуржи ва чакана савдодаги монополлашган вазиятда акцизга имтиёз бериш нархлар ўсишини тўхтатиб қололмайди, имтиёзлар монополистларнинг маржасини оширишга хизмат қилмоқда.

«UNG Petro улуши — атиги 2,3%»

UNG Petro президент ва ҳукумат қарорлари асосида иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида қазиб олинган нефть ва газ конденсатидан ишлаб чиқиладиган автобензин ва дизель ёнилғиси нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан фақат биржа савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилган.

Ушбу биржа савдоларида республикадаги мавжуд 3000 га яқин автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиб, шулардан атиги 70 таси (ёки 2,3 фоизи) «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг UNG Petro МЧЖ томонидан тасарруф этилади, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган АЁҚШлар Аи-80 маркали автобензинни импортдан олиб киришларига ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас, дейилади компания хабарида.

UNG Petro хабарида Отабек Бакировнинг бензин нархини 6000 сўмдан 6100 сўмга ёки 1,7 фоизга ошириш ҳақидаги сўзлари «бозор улушининг 2,3 фоизини ташкил этгани учун» «юмшоқ қилиб айтганда, ноўрин» деб баҳоланган. Компания сотилган бензин ҳажмига аниқлик киритмаган.

Бунга жавобан иқтисодчи улушни ўлчашнинг асосий кўрсаткичлари ёнилғи қуйиш шохобчалари сони эмас, балки қазиб олиш, ишлаб чиқариш, импорт ва сотувлар ҳажми эканини таъкидлади.

Президентнинг 2022 йил 19 декабрдаги қарорида таъкидланганидек, Ўзбекистонда 2226 та бензин ва дизель ёнилғиси шохобчалари мавжуд.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган бензиннинг асосий қисми «Ўзбекнефтгаз» бошқарувидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан олинади. БНҚИЗ барча Аи-80 бензинининг 77 фоизини, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи эса қолган қисмини ишлаб чиқаради, деб ёзади Отабек Бакиров. Биржа маълумотларига кўра, биржада сотилаётган бензиннинг камида 80 фоизи «Ўзбекнефтгаз» ва унинг шўъба корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Унинг сўзларига кўра, январь-февраль ойларида бензин импортининг энг катта ҳажми, хусусан, Аи-80 маркаси «Ўзбекнефтгаз» томонидан амалга оширилган.

Иқтисодчи «Агар энг катта қазиб олувчи монополист бўлса, энг катта ишлаб чиқарувчи монополист бўлса, энг катта импортчи, энг катта сотувчи монополист бўлса, демак, у монопол мавқеидан фойдаланган ҳолда нарх манипуляцияларини амалга ошира олади», — деган хулосага келган.