Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни «Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълум қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, электромобилларни қувватлантириш станциялари етарли эмаслиги уларни оммавийлаштиришга тўсиқ бўлмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорларга қувватлантириш станциялари орқали электр энергиясини сотишнинг қонуний асослари яратилмаган.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб янги қуриладиган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларида мажбурий тартибда қувватлантириш станциялари жойлаштирилади.

Қувватлантириш станцияларининг сони 2024 йил якунига қадар 2500 тага етказилади. Ҳозир Ўзбекистонда 70 га яқин станция мавжуд бўлиб, йил охиригача яна 30 тасини ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2023 йилда электр тармоқлари, трансформатор ва нимстанцияларга туташ ҳудудлардан 1400 та қувватлантириш станцияларини ўрнатиш учун ерлар аукционга чиқарилади. «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси томонидан халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудларда камида 500 та қувватлантириш станциялари барпо этилиши белгиланди. 2023−2024 йилларда камида 500 та қувватлантириш станцияларини жойлаштириш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг бўш ҳудудлари K-savdo орқали аукционга чиқарилиши назарда тутилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга қувватлантириш станциялари орқали электр энергиясини сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда, хизмат тарифи (нархи) электр энергиясининг тасдиқланган тарифидан қатъи назар тадбиркорлар томонидан мустақил белгиланади.

2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:

  • қувватлантириш станциялари ва улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари ер солиғидан, шунингдек, қувватлантириш станциялари мол-мулк солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёз ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 2023 йилда 2,4 млрд сўм, 2024 йилда 9,4 млрд сўм маблағ қолади;
  • асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш бўлган тадбиркорлар фойда солиғидан ҳамда транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;
  • импорт қилинадиган қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилади.

Ҳудудлар раҳбарлари ва Энергетика вазирлигига 2023 йил 1 декабрга қадар фаолият кўрсатаётган автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ қуйиш шохобчаларида камида 1 дона (4 та каналли) 60 кВт қувватли қувватлантириш станциясини ўрнатиш чораларини кўриш топширилмоқда. Бугунги кунда республикада жами 4652 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд бўлиб, шундан сиқилган газ қуйиш шохобчалари 1443 тани, суюлтирилган газ — 983 тани ҳамда бензин ва дизель ёқилғиси — 2226 тани ташкил этади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига «Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирларини 2023 йил 1 июлга қадар якунлаш вазифаси юклатилмоқда.