Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов (бир ҳафта олдин ушбу лавозимга тайинланган) 31 март куни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси лойиҳасини «юқори савияда» тарғиб қилиш бўйича тарғибот гуруҳларини тузиш бўйича илгари имзолаган қарорини бекор қилди. Бекор қилинган ҳужжат тўрт кун аввал — 27 март куни қабул қилинган эди.

Қарорнинг бекор қилинишига Тошкент адлия бошқармасининг 31 мартдаги тақдимномаси сабаб бўлмоқда. Тақдимнома киритиш сабаблари кўрсатилмаган.

«Газета.uz» қарорда пойтахтнинг маҳалла ва туманларида «Маънавияти юксак ва обрў-эътиборга эга» нуроний ва оқсоқоллар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар, таълим, маданият, санъат, адабиёт соҳаси вакиллари ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат тарғибот гуруҳлари тузилиши кераклигини ёзган эди. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тўлақонли етказиш ҳисобланади.

Гуруҳлар таркибида 1000 дан ортиқ киши, жумладан, оқсоқоллар, ўқитувчи, шифокор, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва бошқалар киритилиши, уларга 11 мингдан зиёд маҳалла фаоллари ёрдам бериши керак эди.

Ҳокимлар ва кенгашлар қарорларини эълон қилувчи E-qaror портали маълумотларига кўра, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини тарғиб қилиш бўйича тарғибот гуруҳларини ташкил этиш бўйича шундай қарорлар (80 дан ортиқ) республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам қабул қилинган. Бироқ бу ҳужжатларнинг аксарияти жамоатчиликдан яширилган. «Газета.uz» бу масалада Адлия вазирлигига сўров юборди.