27 март куни Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси моҳиятини аҳолига юқори савияда етказиш бўйича тарғибот гуруҳларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳрининг маҳалла ва туманларида «Маънавияти юксак ва обрў-эътиборга эга» нуроний ва оқсоқоллар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар, таълим, маданият, санъат, адабиёт соҳаси вакиллари ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат тарғибот гуруҳлари тузилади. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тўлақонли етказиш ҳисобланади.

конституцион ислоҳот, конституцияга ўзгартиришлар, тарғибот гуруҳлари

конституцион ислоҳот, конституцияга ўзгартиришлар, тарғибот гуруҳлари

Депутат Тошпўлат Матибоев янги Конституция бўйича референдум ўтказиш ташвиқотида иштирок этди. Фото: Миробод тумани ҳокимлиги.

Ҳоким Ўзбекистонда сиёсий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича Тошкент шаҳридаги жамоат гуруҳининг 21 нафар вакилидан иборат таркибни тасдиқлади. Унга пойтахт ҳокими маслаҳатчиси Акмал Рўзитоев, Тошкент шаҳри тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Рахат Набиева, Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш ва тарғибот гуруҳларини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Омила Арипова, «Миллий тикланиш» партияси Тошкент шаҳри кенгаши раиси Отабек Жиянбоев, халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши депутати Тошпўлат Матибоев, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори Ботир Даминов ва бошқалар киритилди.

Гуруҳга Отабек Жиянбоев раислик қилди. Гуруҳ вакиллари Тошкент шаҳрининг 12 та туманига бириктирилган.

Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри туманлари тарғибот гуруҳининг 1080 нафар аъзосидан иборат рўйхатни ҳам тасдиқлади. Унинг таркибига маҳалла оқсоқоллари ва раислари, мактаб директорлари, директор ўринбосарлари, ўқитувчилар, шифокорлар, поликлиникалар бош шифокорлари, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари, ёзувчи, журналист (нафақада), RWS Optimum раҳбари, «Бектемир — спирт экспериментал заводи» бошқаруви раиси, «Тошкентвино» комбинати ижрочи директори, туман кенгашлари депутатлари, туман халқ таълими бўлимлари мудирлари, маданият ва маънавият марказлари раҳбарлари, туман ғазначилик бўлими бошлиғи, меҳнат фахрийлари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиева ва бошқалар кирди.

конституцион ислоҳот, конституцияга ўзгартиришлар, тарғибот гуруҳлари

Бектемир туманидан 70 нафар тарғибот гуруҳи аъзоси тасдиқланган бўлса, Мирзо Улуғбекда бу кўрсаткич — 100, Миробод — 70, Олмазор — 100, Сергели — 100, Учтепа — 100, Чилонзор — 100, Шайхонтоҳур — 100, Юнусобод — 100, Яккасарой — 70, Янгиҳаёт — 70, Яшнобод — 100 нафарни ташкил этди.

Бундан ташқари, 11 минг нафардан ортиқ маҳалла фаоллари, жумладан, кўча боши, оқсоқоллар, уй раислари (домкомлар) ва бошқалар ташвиқот ишларига ёрдам беради.

конституцион ислоҳот, конституцияга ўзгартиришлар, тарғибот гуруҳлари

Тошкентнинг Олмазор туманидаги ташвиқот тадбири.

Сиёсий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни самарали ташкил этиш учун маҳаллий сектор раҳбарлари масъул этиб белгиланди.

Аввал хабар берганимиздек, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Конституция бўйича референдум арафасида Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб «Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники» шиори остида тарғибот тадбирлари, концерт дастурлари ўтказилмоқда. Уларда эстрада юлдузлари, спортчилар, давлат идоралари вакиллари, жамоат арбоблари, тадбиркорлар чиқиш қилиб, асосий қонунга киритилган ўзгартиришлар, ўтмишдаги муаммолар ва амалдаги президент даврида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритмоқда.

Бундан ташқари, март ойининг ўрталаридан бошлаб #befarqemasman хештеги остида жамоат арбоблари, шифокорлар, талабалар, партия аъзолари, санъаткорлар ва бошқаларнинг ташвиқот видеолари эълон қилинмоқда. Шу каби видеолар туман ҳокимликлари каналларида ҳам пайдо бўлмоқда. JU Casting Agency каналида Конституция ҳақида турли хил ижтимоий роликлар суратга олиш бўйича роллар учун кастинг эълон қилинди: тадбиркор, ўқитувчи, маҳбус, шифокор, қурувчи ва бошқалар. Роллар учун 100−200 минг сўм таклиф қилишган. «Давлат лойиҳаси бўлгани учун бюджет кичик, лекин улар барча давлат каналларида намойиш этилади», — дейилади хабарда. Кейинчалик ушбу эълонлар каналдан ўчириб ташланган.

конституцион ислоҳот, конституцияга ўзгартиришлар, тарғибот гуруҳлари

Ҳокимлар ва кенгашлар қарорларини эълон қилувчи E-Qaror порталига кўра, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси тарғиботи юзасидан гуруҳларни ташкил этиш бўйича бошқа вилоятларда ҳам шундай қарорлар (80 дан ортиқ) қабул қилинган. Бироқ бу ҳужжатларнинг аксарияти жамоатчиликдан яширилган. «Газета.uz» Адлия вазирлигига бу бўйича сўров юборди.

«Референдум тўғрисида»ги қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилишини ёқлаб ёки унга қарши, референдумга қўйилаётган қонун лойиҳаси, амалдаги қонун ёки бошқа масалани ёқлаб ёки унга қарши монеликсиз ташвиқот олиб боришга ҳақлидирлар.

Ташвиқотни фуқароларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Референдум ўтказиладиган кунда ва референдумни ўтказишга бир кун қолганда ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.