2022 йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси тартибсизликлар сабаб судланган шахсларнинг оила аъзолари ва яқинларидан мурожаат келиб тушганини маълум қилди.

«Мурожаатда тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар билан инсонпарварлик тамойили асосида қўшимча узоқ ва қисқа учрашувлар ташкил қилишда ёрдам сўралган», — дейилади хабарда.

Комиссия мазкур масала ўрганилаётганини билдирди.

Январь ойи охирида биринчи суд мажлисида 22 нафар айбланувчига нисбатан чиқарилган ҳукм эълон қилинди. Унга кўра, асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Лолагул Каллихонова 8 йил синов муддати олди ва Азамат Нуратдинов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Турданов билан бирга суд залидан озод этилди. Февраль бошида эса 6 йилга ҳукм қилинган Пўлат Шамшетов вафот этди.

17 март куни иккинчи суд мажлисида 39 нафар айбланувчига ҳукм ўқилди: 28 киши 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, қолган 11 айбланувчи 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Энг узун жазони адвокат Оралбай Досназаров олди.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, судланганларнинг аксарияти биринчи инстанция судининг қарорига эътироз билдириш учун апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Июль ойи ўрталарида Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ва улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун парламент комиссияси тузилганди. Комиссия вазифаларига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ва ҳодисаларни чуқур ўрганиш ҳамда аудио, фото ва видео билан қайд этиб бориш киритилганди. Ўрганиш натижалари бўйича якуний ахборот тайёрланиб, Олий Мажлисининг палаталарига тақдим этиши белгиланганди.

Икки суд жараёни якунланганига қарамай, комиссия ҳалигача ўз ҳисоботини тақдим этгани йўқ. Комиссия аъзоси, Швециянинг Марказий Осиё нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциацияси директори Гулноз Мамарасулова «Газета.uz»га берган интервьюсида ҳисоботнинг эълон қилинишини Ўзбекистон жамоатчилиги, халқаро ташкилотлар, АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам кутаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, айрим комиссия аъзолари тўлиқ ҳисоботнинг эълон қилиниши унинг ишини бироз чеклайди ёки якунлайди, «шунинг учун комиссия суд жараёнини кузатишни ва кейин хулосани эълон қилишни хоҳлайди».