Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи, Қорақалпоғистоннинг биринчи президенти Даулетбай Шамшетовнинг ўғли Полат Шамшетов Нукус воқеалари бўйича ҳукм чиқарилгандан кўп ўтмай, 4 февраль куни тахминан юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Нукусдаги бир нечта манбалар, шу жумладан, уни яқиндан танувчилар хабар берди.

Полат Шамшетов 45 ёшда эди. У ўтган йилнинг июль ойида Қорақалпоғистонда юз берган воқеалардан кейин ҳибсда сақланаётган эди. Манбаларга кўра, дафн маросими душанба куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Швециянинг Марказий Осиё нодавлат нотижорат ташкилотлари ассоциацияси директори, парламентнинг мустақил комиссияси аъзоси Гулноз Мамарасулова «Газета.uz»га Полат Шамшетовнинг вафотини тасдиқлади. Унинг Twitter`да ёзишича, комиссияга ўлимнинг асл сабабини ўрганиш бўйича текширув ўтказишни таклиф қилди. Комиссия мазкур ишни душанба куни Бухорода бошлайди, дея қўшимча қилди у.

Полат Шамшетовга 2 июль куни «одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлганлиги» ҳақида айблов қўйилганди.

Судда у кўчага нима бўлаётганини кўриш учун чиққанини таъкидлаганди. «Мақсад шунчаки ўз кўзим билан кўриш бўлган», — деганди у.

Ўша кунларда у меҳнат таътилида эди, бироқ 3 июль куни ишга чиқди, 11 июль куни эса ҳибсга олинди. Полат Шамшетов телефонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида кўп гаплашганини тан олганди, буни эса ўзининг вазифаси билан боғлиқлигини айтганди.

Суҳбатларнинг барча стенограммаси иш ҳужжатларида келтирилган ва уларда ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга чақирув йўқ, деганди у.

полат шамшетов

Полат Шамшетов Бухоро вилоятида ўтган суд мажлисларидан бирида. Фото: «Газета.uz».

31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, Полат Шамшетов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 45 (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Январ ойида суддаги мунозара пайтида унинг адвокати Парахмат Маратов (видео) Шамшетовга ЖКнинг 244-моддаси бўйича эълон қилинган айбловни нотўғри деб атаганди, чунки унинг Даулетмурат Тажимуратов (ишдаги асосий фигурант) билан алоқаси, қолаверса, ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мақсадида тартибсизликларни ташкиллаштириш юзасидан ҳеч қандай далил йўқ, деганди. Бундан ташқари, ҳимоячининг сўзларига кўра, Шамшетовга қарши ҳеч ким гувоҳлик бермаган.

«Газета.uz» мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура, Олий суд ва ИИВга сўров юборди. Ҳозирга қадар ҳеч қандай жавоб олинмади.