Европа Иттифоқи июль ойи бошида Қорақалпоғистондаги фожиали воқеаларга алоқадорликда айбланаётган 22 шахс устидан Бухорода давом этаётган суд жараёнини диққат билан кузатиб бормоқда, дейилади Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси баёнотида.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига «жараённи жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари учун очиқ ва шаффофлигини, ҳамда бевосита тўғридан-тўғри трансляцияни таъминлагани учун» миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, жараённи «адолатли ҳамда холис» бўлишига умид билдирди.

«Биз ҳукумат фикрни эркин изҳор қилиш ва йиғилишлар эркинлиги бўйича, шу жумладан, GSP+ доирасидаги ўзининг мажбуриятларини бажаришга чақирамиз. Шунингдек, биз Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича тергов комиссиясининг ишлари натижасини яқин кунларда олишни сабрсизлик билан кутмоқдамиз ва ушбу натижалар жамоатчиликка эълон қилинишига умид қиламиз», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Нукус воқеаларида айбланаётганлар устидан бошланган суд жараёнини кузатаётганини маълум қилиб, Ўзбекистон ҳукуматини шаффофликни таъминлаш борасидаги мажбуриятларини бажариш ҳамда куч ишлатар идоралар ходимлари қонунларни бузган бўлса, уларни ҳам жавобгарликка тортишга чақирганди.