Ўзбекистонда 6 млрд долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 10 январь куни саноатни ривожлантириш ҳамда қўшимча захираларни аниқлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов олдига бу борадаги вазифаларни белгилаб берди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевга ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган 3 мингга яқин лойиҳанинг ўз вақтида ишга туширилишини назорат қилиш, мавжуд муаммоларни жойларда тезкорлик билан ҳал этиш, ҳар бир туман ва шаҳарга камида 50 млн доллардан кам бўлмаган қўшимча сармоя жалб этилишини назорат қилиш топширилди.

Давлат раҳбари инвестиция дастурлари доирасида жорий йилда 1 млрд долларлик металл конструкция, насослар ва совутгич ускуналарини импорт қилиш режалаштирилганини айтди. «Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта бозор дегани эмасми? Хориждан импорт қилинадиган маҳсулотларни мамлакатимизда қандай ишлаб чиқариш мумкинлигини таҳлил қилиб, маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш керак. Бу 1 млрд долларни қандай қилиб ўзимизга қолдириб, халқимизга ойлик берамиз, шу ҳақда», деди у.

2023 йилда барча захиралардан фойдаланган ҳолда саноат ишлаб чиқаришини 14 фоизга ошириш мумкин, дейилади йиғилишда. Шу билан бирга, 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда 5,1−6,9 фоиз ўсиш прогнози кўзда тутилмоқда.

Импорт ўрнини босувчи сиёсат муаммолари

Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук Миллий университети магистри Миркомил Холбоев Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришни саратон билан таққослади.

«Янги давр бошланиши билан кўпчиликда эркинроқ ва дунёга интеграциялашган давлатга айланишимизга умидлар пайдо бўлган эди. Қайсидир маънода бу умидлар ЖСТга қўшилиш, қўшнилар билан интеграцияснинг кучайиши билан янада ортиб борди. Лекин кўрмоқдамизки, сўнги йилларда дунёга очилиш борасидаги ҳаракатлар секинлашгандек, баъзи йўналишларда эса ҳатто орқага қайтиш ҳам кузатилаётгандек. Охирги йилларда савдонинг очилиши билан боғлиқ қарорларнинг деярли барчаси вақтинча ва имконсизликдан (яъни бошқа альтернатива деярли қолмаганлигидан) қабул қилинмоқда. Ҳамда савдонинг эркинлаштирилиши билан боғлиқ қарорларнинг аксарияти озиқ-овқат товарлари билан боғлиқ вақтинча қарорлардир», — деди у.

Иқтисодчининг фикрича, ЖСТга аъзо бўлиш ҳаракатлари давом этаётганлигига қарамасдан, унинг савдони эркинлаштириш мақсадида қилинаётганлиги сезилмаяпти.

«Бундай шароитда ташкилотга аъзо бўлиш катта ўзгаришларга олиб келмаслиги турган гап. Яъни балки баъзи товар гуруҳлари учун божлар пасайиши мумкин лекин, ўйлайманки, ҳозирги идеология билан савдонинг эркинлашиши бошқа томондан маъмурий ёки қандайдир яширин усуллар билан унинг чекланишини янада кучайтиришининг эҳтимоли юқори», — деди у.

Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда «импорт доим ёқмаган» ва унинг ўсиши салбий ҳодиса сифатида кўрилган.

«Шу сабаб эски даврда импортнинг экспортдан ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида турли маъмурий усуллардан фойдаланилган. Янги давр бошланиши билан эса импортнинг ўсишига чекловларлар деярли олиб ташланди. Аммо импортни ёмон кўриш ҳамда маҳаллийлаштириш ғояси охирги йилларда яна кучайишни бошлагандек», — дея келтирган у.

Иқтисодчи президент томонидан қиймати 6 млрд долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси қўйилгани, бироқ унинг муддати белгиланмаганига эътибор қаратди.

«Агар бу вазифа жорий йилга қўйилган бўлса, унда импорт умуман ўсмаслиги керак. 2022 йилда импорт ҳажми агар сўнгги ойда ҳам ўтган даврдаги ўсиш сақланиб қолса, тахминан 5 млрд долларга ўсган. Яъни биргина 2023 йилда 6 млрд долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаси амалга ошса, унда жорий йилда импорт умуман ўсмаслиги керак», — деб ёзади эксперт. Унинг фикрича, бу «зарарли ва самарасиз» ечим бўлади.

«Тарихга, айниқса олтин, пахта ва энергетика маҳсулотлари экспорти умумий товарлар экспортининг 60 фоиздан ошиқроқ қисмини ташкил этган 2000-йилларга қарашнинг ўзи кифоя. Бугунги кунга келиб олтин, рангли металлар ва энергитика маҳсулотларининг товарлар экспортидаги улуши 50 фоиз атрофида. Эркатой ҳамда субсидия ва имтиёзларнинг кушандасига айланган автомобиль зоводимиз экспорти эса умумий экспортнинг 2 фоиз атрофидаги улушни ташкил этади, холос (товарлар экспортидаги улуши бироз юқори). Бундан ташқари, ички бозордаги истеъмолчиларни ҳам завод истаган куйига солиб келмоқда», — деди иқтисодчи.

Миркомил Холбоевнинг фикрича, шунча йил давомида импорт ўрнини босиш сиёсати олиб борилаётганига қарамай, Ўзбекистон хомашё ўрнига ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қиладиган давлатга айлангани йўқ.

«Импортнинг ўрнини босувчи сиёсат билан 2000-йилларда хомашё экспортчисидан саноат товарларини экспорт қилувчи давлатга айланиб қолдикми? Табиийки, бу саволга жавоб — „йўқ“. 0-йилларда хомашё экспортеридан ҳозирги кунда қазилма бойликларини экспорт қилувчи мамлакатга айландик, холос» — дея таъкидлади Холбоев.

Иморт ўрнини босиш сиёсати ҳақида ёзар экан, Ҳолбоев шундай дейди: «импортнинг ўрнини босувчи сиёсат, бу — саратон. Ўсимта қанча узоқ вақт яшаса, у шунчалик катталашади ва ундан қутилиш қийинлашиб (балки имконсиз бўлиб) боради. Маҳаллийлаштириш худди ўсимта каби қанчалик катталашса, ундан воз кечиш шунчалик қимматлашиб ҳамда қийинлашиб боради. Саратон ўзининг ҳостини бир куни ўлдиргани каби, маҳаллийлаштириш мамлакатни ўнгланмас камбағаллик ботқоғига ботиради».

2018 йил февралида Шавкат Мирзиёев ўтган йилларда қабул қилинган маҳаллийлаштириш дастурларини «фирибгарлик ва имтиёзлар олиш учун баҳона» деб атаганди.

2021 йил ноябрь ойида инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев фақат ички бозорга йўналтирилган маҳаллийлаштириш ҳақида гапиришдан маъно йўқ эканлигини тан олганди, бу фақат ички бозорга қаратилган. «Биз бунга ўзимизнинг аччиқ тажрибамиздан ҳам, ўша пайтда импорт ўрнини босиш билан шуғулланган бошқа Лотин Америкаси давлатларининг тажрибасидан ҳам амин бўлдик», — деганди у.

Ўша йилнинг апрель ойида собиқ бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири (ҳозирда президент Администрацияси раҳбари) Сардор Умурзаков Ўзбекистон маҳаллийлаштириш дастури орқали йил охиригача 3 млрд долларлик маҳсулот импортини алмаштиришни режалаштираётганини айтганди. Бунинг учун 2300 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши кутилган эди.