18 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаси бўйича овоз бериш босқичи бошланганини эълон қилди.

Ташаббусли ёки партисипатор бюджетлаштириш — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти.

2023 йилнинг биринчи мавсуми доирасида мамлакат бўйича фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштиришга қарийб 1,7 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда. «Очиқ бюджет» портали маълумотларига кўра, аҳолидан 55 970 та ташаббус келиб тушган.

Ушбу лойиҳалар бўйича овоз бериш 7 апрелгача давом этади (овоз бериш бўйича йўриқнома).

ташаббусли бюджет, очиқ бюджет, Ташаббусли бюджетлаштириш

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги моддий-техник базасини яхшилаш талаб этиладиган 14-мактаб. Фото: openbudget.uz.

Фуқаролар ҳар қандай лойиҳа учун фақат битта овоз бериш ҳуқуқига эга. Энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғолиб деб топилади. Ғолиб бўлган лойиҳалар сони лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган маблағдан келиб чиқиб белгиланади.

Овоз бериш якунларига кўра ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори (фармойиши) лойиҳаси тайёрланмоқда. Бир ҳафта муддатда мазкур лойиҳалар халқ депутатлари кенгаши кўриб чиқиши учун киритилади.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида мактаблар, йўллар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича фуқароларнинг ташаббуслари учун 7,8 миллион овоз тўпланган «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми якунланган. Фуқаролар таклифларини амалга ошириш учун жами 1 триллион 700 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Октябрь ойида президент видеоселектор йиғилишида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини айтганди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берган.

2023 йилдан бошлаб фуқаролар вилоят бюджети қўшимча даромадларининг 30 фоизини (бундан олдин фақат туман ва шаҳар), маҳалла инфратузилмаси учун маблағлар эса фақат «Ташаббусли бюджет» орқали тақсимланиши мумкин. Натижада 2023 йилда 3,5 баробар кўп — 8 триллион сўмгача маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлаганидек, ташаббусли бюджет фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини сезиларли даражада ошириши ва ҳаёт сифатини яхшилаши мумкин. Қолаверса, у барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда самарали воситага айланиши мумкин, деб ҳисоблайди доимий вакил.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланма тайёрлаган.