Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилда фуқаролар бюджет маблағларини сарфланишини аниқлаш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этишини таъминлайдиган ташаббусли бюджетлаштиришни (Participatory Budgeting) жорий қилди. Овоз беришнинг навбатдаги даври ниҳоясига етмоқда ва натижалар аҳоли, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларида ташаббусли бюджет амалиётига қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш ташаббуси жорий этилганидан буён фуқаролар томонидан давлат маблағларидан фойдаланиш бўйича берилган таклифлар сони 2,5 баробар, фуқароларнинг овозлари эса қарийб 10 баробарга ошди. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска фуқароларнинг бюджет жараёнига жалб этиш лойиҳаси қандай яратилгани ва ривожлангани, унинг афзалликлари ҳамда ривожланиш соҳасида яратилаётган имкониятлар тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистонда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш ташаббусининг ривожланиши

Ўзбекистонда фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш ташаббуси илк бор 2018 йил август ойида қабул қилинган «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига жавобан илгари сурилган. Айнан мана шу саъй-ҳаракатлар натижасида туманлар бюджетидаги қўшимча даромадларнинг камида 10 фоизини фуқаролар томонидан таклиф қилинган соҳаларни (тадбирларни) молиялаштиришга йўналтириш учун замин яратилди.

2021 йилга келиб фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлашни сиёсий ва молиявий қўллаб-қувватлаш даражаси ошди. Президентнинг 2021 йил апрелда қабул қилинган «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида туманлар (шаҳарлар) бюджетлари тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини фуқаролар томонидан киритилган таклифларни молиялаштиришга йўналтириш белгиланди. Бундан ташқари, туман ва шаҳарлар бюджети қўшимча даромадларининг камида 30 фоизи ҳам фуқаролар ташаббусларига йўналтирилиши белгиланди.

2021 йилда Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятларда биттадан туман/шаҳарда бюджет маблағларини фуқаролар ташаббуслари учун тақсимлашнинг янги механизми синовдан ўтказилди. 2022 йилдан бошлаб фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш амалиёти мамлакатнинг барча туманларида жорий этилди. Ҳар йили бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун фуқаролар таклифларини илгари суриш икки мавсумда амалга оширилади. Жорий йил август ойида иккинчи мавсум бошланиб бўлган.

Фуқароларнинг мазкур механизм ва унинг натижалари тўғрисидаги хабардорлиги ошиши билан уларнинг қизиқиши, ишончи ва дахлдорлик ҳисси ҳам шунга яраша ортиб бориши лозим. Ҳозиргача эришилган натижаларнинг кўлами тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун рақамларга мурожаат қилиш кифоя. Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш доирасида ажратилаётган бюджет маблағларининг ортиши натижасида, фуқаролар томонидан киритилган таклифлар сони 2019 йилдаги 28704 тадан 2022 йилда 69,7 мингтага кўпайди. Бундан ташқари, турли ташаббуслар учун овоз бераётган фуқаролар сони ҳам мос равишда 87,7 мингдан 6,7 миллионга кўпайди. Шу билан бирга, молиялаштириш учун танланган лойиҳалар сони 1102 тадан 2354 тага кўпайди.

Бу рақамлар ортида ўз ташаббуслари билан ўз ҳамжамиятларидаги инфратузилмавий муаммоларни ҳал этишга, ўзи ва қўшниларининг ҳаётини янада қулай ва яхшироқ қилишга эришган фаол фуқаролар турибди.

Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаштириш механизми давлат томонидан мунтазам режалаштириш жараёнида ўз навбатини узоқ кутиши мумкин бўлган айрим фуқаролар учун зарур бўлган ташаббусларга устуворлик бериш ва тезлаштириш учун фуқароларга муҳим бўла олади. Шунингдек, фуқароларнинг танлов комиссияларига тақдим этган лойиҳалари бошқа инвестиция режаларини билан бир ҳил чиқса, фуқаролар бундан хабардор қилинади.

Барқарор Ривожланиш Мақсадларига (БРМ) эришишни фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштироки орқали тезлаштириш

Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш амалиётларини жорий этиш ва кенгайтириш ҳукуматга камбағалликни қисқартиришга ёрдам бериш баробарида, таълим, соғлиқни сақлаш ва сотув бозорларига кириш орқали камбағалликнинг барча шаклларига барҳам бериш назарда тутилган 1-сон БРМга эришишга ҳисса қўшади. Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш кўп йўллар асфальтланмаган ва ёғингарчилик мавсумида фойдаланиш қийин бўлиб қоладиган, инфратузилма етарли бўлмаган қишлоқ жойларида айниқса фойдали ва самарали бўлмоқда. Йил давомида йўллар ҳолатининг ёмон бўлиши одамларнинг ишга, болаларнинг эса мактабга боришини қийинлаштиради. Бу одамларнинг ҳаракатланиш имкониятлари ҳамда транспорт воситаларининг самарали фаолиятига тўсқинлик қилиб, қишлоқ жойларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички ва минтақавий бозорларга олиб борилишига салбий таъсир қилади, пировардида, иқтисодий қолоқликни келтириб чиқаради.

Масалан, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги «Янгиҳаёт» маҳалла фуқаролари электр таъминотининг тез-тез узилиши билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келишди. Айтиш жоизки, интернет йўқлиги, ёруғликнинг заифлиги, электр жиҳозларидан фойдалана олмаслик уларнинг кундалик ҳаётида ноқулайликлар туғдирган.


Бу маҳаллада яшовчи архитектура йўналиши талабаси Ойбек Усанов бу ҳолатнинг ўқишига катта тўсиқ бўлаётганини кўриб, ўз маҳалласига трансформатор ўрнатиш таклифини юборди ва у маҳаллий бюджетдан молиялаштирилиши учун етарлича овоз олди. Бугунги кунда «Янгиҳаёт» маҳалласидаги ҳар бир хонадон барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминланган бўлса, Ойбек «Очиқ бюджет» портали орқали маҳалласида қўшимча ободонлаштириш ишларини бошлаб юборди.

Кўп йиллардан буён ана шундай қийинчиликлар билан яшаб келаётган Тошкент вилоятидаги «Жумабозор» маҳалласи аҳолиси бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Жорий йилда туманда яшовчи фаол фуқаролардан бири 1,5 км узунликдаги йўлни таъмирлаш таклифи билан чиқди. Таклиф етарлича овоз олиб, қишлоққа кириш йўлларини таъмирлаш учун давлат маблағларидан 650 миллион сўм (тахминан 60 000 АҚШ доллари) ажратилди. Бу фаол фуқароларнинг ташаббусли бюджет платформасидан фойдаланиш орқали ҳал қилинишини тезлаштира олган минглаб муаммолардан иккитаси, холос.

Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини кенгайтириш имкониятлари

Гарчи бу соҳада сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, натижаларни янада ривожлантириш ва жалб қилинаётган фуқаролар сонини ошириш учун имкониятлар талайгина. Биринчидан, фуқароларнинг бюджет қарорларини қабул қилишда иштирок этиш тўғрисидаги хабардорлигини ошириш уларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун муҳим бўлиб, бусиз фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштироки расмиятчилик бўлиб қолаверади. Шунинг учун тарғибот-ташвиқот тадбирларини кенгайтириш ва фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш механизмлари, унинг имкониятлари ва афзалликлари тўғрисидаги хабардорликни ошириш лозим. Бу — фуқароларни бюджетлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга янада рағбатлантиради.

Бундан ташқари, бюджет саводхонлигини ошириш ва шу орқали фуқароларга бюджет жараёнининг барча босқичларида иштирок этиш имкониятини бериш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аҳоли вакиллари нафақат таклиф бериш, балки уларни муҳокама қилиш ва жамоатчилик назоратини талаб қилиш муҳимлигини тушунгандагина тизим самаралироқ бўлади.

Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш асосида молиялаштириладиган лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишда фуқаролик жамияти ташкилотларининг аҳамиятини кучайтириш ҳамда уларни янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида, тренинг дастурлари аёллар, ёшлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва бошқа яккаланган гуруҳларга қаратилган таълим модуллари билан тўлдирилиши мумкин. Жараённинг меъёрий асосини яратиш учун фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар, йўриқнома ва ўқув курсларини ишлаб чиқиш, ҳужжатлаштириш ва тарқатиш муҳим аҳамиятга эга.

Фуқароларни кенгроқ хабардор қилиш ҳамда уларнинг бюджетга оид саводхонлиги ва билимдонлигини ошириш юзасидан таклиф этилаётган чора-тадбирлар бюджет жараёни имкониятларини, фуқароларнинг ушбу жараёндаги роли ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар учун энг долзарб муаммоларни ечишга қаратилган лойиҳаларни илгари суришда уларнинг овози қадрини тўғри тушуниш учун жуда муҳимдир. Амалиётдан маълумки, ахборот танқислиги бюджет жараёни иштирокчилари, хусусан ўз лойиҳаларини илгари суришдан манфаатдор бўлган фаол фуқаролар томонидан тўлдирилмоқда. Овоз бериш бошланиши билан турли ҳудудларда фуқароларнинг ўзи томонидан тарғибот кампанияси ўтказилмоқда. Фуқаролар одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойларида маълум лойиҳалар бўйича тарғибот ўтказиб, кичик мукофотлар эвазига овоз тўпламоқдалар. Бундай вазиятда фуқаролар, ҳаттоки лойиҳанинг моҳиятини англамаган ҳолда, ўз овозларини (SMS-хабар) юборишлари эҳтимоли катта, бу билан улар лойиҳанинг ютиш имкониятларини оширадилар. Нодавлат нотижорат ташкилотлари жалб етган ҳолда кенг кўламли ахборот кампаниясини ўтказиш, лойиҳаларни шакллантиришда фуқароларга ёрдам бериш бўйича тренерлар тайёрлаш, фуқаролар билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда ташаббусли бюджет имкониятлари ва уларнинг овоз бериш муҳимлиги юзасидан тушунча бериш фуқароларнинг ташаббусларни илгари суриш ҳамда овоз бериш бўйича масъулиятини оширишга ёрдам беради.

Фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлашнинг илғор амалиётларини кенгайтириш, кўп жиҳатдан, молиялаштириш имкониятлари мавжудлигига боғлиқ. Фуқаролар ташаббусларини биргаликда молиялаштириш учун кўплаб қўшимча молиявий манбалардан, жумладан, краудфандинг (жамоавий молиялаштириш), диаспора томонидан молиялаштириш, корпоратив хайрия ва бошқалардан фойдаланиш мумкин. Шундай қилиб, давлат лойиҳаларини амалга ошириш учун нафақат давлат ресурслари, балки хусусий ва бюджет жараёнида қатнашаётган иштирокчиларнинг маблағлари ҳам сафарбар этилиши, бу орқали эса уларнинг ҳал қилинаётган муаммолардаги иштироки ва амалга оширилаётган ташаббусларнинг қийматини ошириш имконияти яратилади. Мазкур имкониятларнинг барчаси фақатгина амалга ошириш мумкин бўлган ва жамоатчилик томонидан қабул қилинган тақдирдагина жорий этилиши лозимлигини ортиқча таъкидлашнинг ҳожати йўқ.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, БМТТД маҳаллий даражадаги ривожланиш лойиҳаларини аниқлаш ва устуворликларни белгилашда, уларга овоз беришда ва бажарилишини назорат қилишда фуқароларнинг тўлиқ ва фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлайди. БМТТД фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш ташаббуси фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини сезиларли даражада ошириши ва ҳаёт сифатини яхшилаши мумкинлигига ишонади.

Ушбу соҳадаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида мутахассисларимиз Ўзбекистон ҳукуматига фуқароларнинг бюджет жараёнидаги иштирокини таъминлаш услубиётини ишлаб чиқиш ва моделини танлашда кўмаклашди. Биз Молия вазирлиги билан «Очиқ бюджет» порталини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилдик ва ҳозир фуқаролар ўз таклифларини осонлик билан илгари суриши, муҳокамаларда иштирок этиши ва энг яхши лойиҳаларга овоз бериши мумкин. Фуқароларнинг маҳаллий даражадаги фаол иштирокини таъминлаш мақсадида, БМТТД вазирликка тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга ошириш ҳамда вазирлик ҳудудий бошқармалари мутахассислари учун туркум тренинглар ўтказишда кўмаклашди.

Гарчи Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаштиришни жорий этиш бўйича дастлабки қадамлар ижобий натижаларни кўрсатган бўлса-да, ҳали олдинда бюджет жараёнига фуқароларни кенг жалб этиш бўйича амалга оширилиши керак бўлган бир қанча ишлар турибди. БМТТД ва Ўзбекистон Молия вазирлиги бу йўналишда ҳамкорликни давом эттиради.