Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни обод қилиш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилишида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, президент бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берди.

2022 йилнинг иккинчи ярмида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берди (биринчи ярим йилликда 4 мингта маҳалла қатнашган).

Бу борада, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси фаол бўлди. Овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 трлн сўм маблағ ўтказиб берилди.

Президентнинг сўзларига кўра, маҳаллаларни обод қилиш ва уларга инфратузилма олиб бориш дастурларини ишлаб чиқишда аҳоли кўтарган 12 мингта масалани ҳам ҳал қилишни ўз ичига оладиган янги тизим яратилади.

Энг аввало, 4 979 та маҳалладаги ички йўллар, ичимлик суви ва оқова тизими, электр энергияси ва газ таъминоти, боғча, мактаб ва спорт объектлари, ободонлаштириш, суғориш, кўчаларни ёритиш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга бир ой муддатда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» жамғармаларига 1,7 трлн сўм йўналтириш топширилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 трлн сўм ажратилиши таъкидланди.

«200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 млрд сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади», — деди президент.