MittiVine тахаллуси билан ижод қилиб келган 27 ёшли таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этгани хабар қилинганди. Унинг ўлими бўйича Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Таъкидланишича, блогер жарроҳлик амалиётидан кейин вафот этган. Текширув доирасида шифокорларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланган.

«Фарҳод Маннаповнинг вафот этган ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганлиги, иш доирасида шифокорлар ушлангани ёки қамоққа олинганлиги ҳақида тарқалаётган хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.

Бош прокуратура жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирди.

Маълумот учун, 27 ёшли вайнернинг Instagram саҳифасидаги (MittiVine) обуначилари сони 1,2 миллиондан ортиқни ташкил этади. Унинг дўсти, ҳажвий видеоларда бирга кўриниш берадиган Улуғбек Шодибеков (mitti.me) Фарҳод Манноповнинг вафоти юзасидан пост қолдирганди.

«Ҳамма нарса биз ўйлаганимиздек бўлмас экан. Барчаси Яратганнинг қўлида — қачон бериб, қачон олишини фақат ўзи биларкан. Ҳаммаси учун раҳмат, сендан жуда кўп нарса ўргандик. Сен ҳақиқий лидер эдинг, жамоа асосчиси, ҳар қанақа вазиятда суянчиқ эдинг! Дўстим, биздан рози бўл, биз сендан мингдан-минг розимиз», — деб ёзади блогер.