Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги 152-мактаб ўқитувчиси дарсда телефон ўйнаб ўтирган ўқувчини уриб, дарсдан чиқариб юборгани акс этган видео тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг ўқитувчи видеодан боланинг ҳақоратли сўзлари кесиб ташлангани ва бу қасддан уюштирилганини айтиб чиқди.

«Газета.uz» педагогга микрофон тутиб, танганинг иккинчи томонига ҳам назар ташлашга ҳаракат қилди. Ўқитувчи Гулчеҳра Мамажонова «Миллий» телеканалининг бир томонлама репортажига раддия бериш ниятидалиги, болани ургани учун 900 минг сўм жаримага тортилгани, бу етмагандек, мактаб директори уни 100-модда билан ишдан бўшатишга уринганини маълум қилди.

Воқеа аслида қандай бўлганди?

Биология фани ўқитувчиси Гулчеҳра Мамажонованинг сўзларига кўра, ҳолат 2 март куни «8-А» синфда кузатилган.

«Ўша куни синфхонага кирганимда, ўқувчиларнинг дарс бошланишига эътиборини тортиш бироз қийин кечди. Одатда бешинчи соатдаги дарслар шунақа бошланади. Чунки тўртинчи соатдан сўнг катта танаффус бўлгани учун ўқувчилар дарсга тез киришиб кетмайди. Уларнинг жим бўлишини кутиб турдим, аммо болалар гаплашишдан тўхтамади. Шундан кейин ҳаммасига салом бердим, икки нафар ўқувчидан ташқари барчаси ўрнидан туриб, салом беришди. Дарс бошлангач, ким бор, ким йўқлигини йўқлама қилдим. Қарасам, охирида ўтирган икки ўғил бола ўқувчи тинмай гаплашаётган экан. Жим ўтиришларини айтиб, огоҳлантирдим», — деди педагог.

гулчеҳра мамажонов, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ўқитувчи, яшнобод

Унинг қайд этишича, у доскага мавзуни ёзиб, журналдан кимнинг баҳоси йўқлигини кўздан кечирганидан кейин ҳам айнан ўша икки ўқувчи гаплашишдан тўхтамаган.

«Уларга „жим ўтирасанми?“, деган мазмунда қаттиқроқ танбеҳ бердим. Олдиларига борсам, биттасини қўлида уяли алоқа воситаси боракан ва расмга олиб ўтирган экан. Қўлидан телефонини олиб қўйиб, дарсдан кейин столимни устидан оволишини айтдим. Бола эса бундан норози бўлди ва нима учун олиб қўйганимни сўраб, ёмон гаплар айтди. Мен озгина хафа бўлдим. Тўғриси, ўшанда эмоцияга берилиб кетдим-да, „бу нима деганинг?“, дея болани елкасидан ушлаб, силтадим. У баттар сўкинишни бошлади», — деди Гулчеҳра Мамажонова.

Педагогнинг айтишича, у вазият жиддийлашиб кетишининг олдини олиш учун бошқа бир ўқувчига синф раҳбарини чақириб келишини айтган. Бу гапни эшитган бола ҳам ташқарига чиқиб кетишга уринган.

«Жойингга ўтир, ҳозир синф раҳбаринг келса, ҳал қиламиз, кетиш керак бўлса, кетасан», деб елкасидан ушлаб ўтқаздим. Шундай дейишимга қарамай, ўқувчи ўрнидан турди-да, яна ёмон сўзлар айтиб, хонадан чиқиб кетмоқчи бўлди. Шундан кейин чиқиб кетсанг, чиқиб кета қол, деган фикрда орқасидан итариб, чиқариб юбордим. Буни тан оламан ва ўша вақтда эмоцияга берилиб кетдим. Бўлган воқеа шу", — деди ўқитувчи.

гулчеҳра мамажонов, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ўқитувчи, яшнобод

«Миллар» кўрсатуви репортажидан лавҳа.

Унинг таъкидлашича, синф раҳбари хонага киргач, ҳолат муҳокама қилинган, ўқувчининг сумкасидан дафтар ҳам, китоб ҳам чиқмаган. Кейин синф ўқитувчиси болани хонадан ўзи билан бирга олиб чиқиб кетган.

«Биз эса дарс ўтишда давом этдик. Дарс тугаганидан сўнг бола олдимга келди. Бирга суҳбатлашиб ўтирдик, айбларимизни тан олиб, бир-биримиздан узр сўрадик. У ўқувчини тарбиясиз, деб айтолмайман. Чунки бу синфга кўп йилдан бери дарс ўтаман. Бола гапга қулоқ соладиган эди. Негадир ўша куни шундай ҳолат бўлди. Уни тушунишим керак эди, педагог сифатида нотўғри қилганман», — деди Гулчеҳра Мамажонова.

«Видео барибир тармоқларга чиқиб кетади»

Ўқитувчи ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларга қачон тарқалиб кетгани ҳақида ҳам гапирди.

«Воқеадан кейин мени директор хонасига чақиришди. Шунақа ҳолат бўлибди, бу камерага тушиб қолди, дейишди. [Директор] ижтимоий тармоққа барибир чиқиб кетади, деди. Уни онасини билмайсан, шантаж, ундай эди, бундай эди, деди. Онасини олдига бориб, кечирим сўрашимни айтдим. Аммо директор ҳам, синф раҳбари ҳам она билан боғланишим учун телефон рақамлар беришни хоҳлашмади. Эртасига мактабга келсам, видео ижтимоий тармоқларга, хусусан, Tik-tok`га чиқиб кетгани, турли изоҳлар бўлганини эшитдим. Бундан албатта, тушкунликка тушдим, ўзимдан ҳам хафа бўлдим», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, маҳалла инспектори педагогнинг устидан она томонадин даво аризаси киритилганини айтган.

«Кейин онани менга топиб беришди, кўришиб гаплашдик. Боланинг онасини айтишича, у воқеадан бехабар бўлган. Уни мактабга чақириб, видеони кўрсатишган. Она фарзандида ҳам хато борлиги, назоратсиз қолдирганини таъкидлаган. „Ўқитувчи мендан кечирим сўрасин“, деган. Лекин мактаб директори унда ўзим ариза ёзаман, деган фикрларни айтган экан», — деди Гулчеҳра Мамажонова.

Жаримага тортилган ўқитувчи «Миллар»га раддия бермоқчи

Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида ҳолат бўйича видеоконференц алоқа тизимида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Судда ўқитувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида белгиланган жиноят — майда безорилик қилган деб топилди. Суд қарорига кўра, ўқитувчи аёл БҲМнинг 3 баравари миқдорида, яъни 900 минг сўм жаримага тортилди.

Педагог Гулчеҳра Мамажонова суд жараёни билан боғлиқ саволимизга қуйидагича жавоб берди.

«9 март куни маъмурий суд бўлди. Менга БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима белгиланди. Судда она ҳам қатнашиб, аёл сифатида мени тўғри тушунишини, имкон қадар жазо тайинланмаслигини сўради. Чунки бир кун олдин кўришиб гаплашгандик. Кўришганимизда бир-биримизда яхши таассурот қолдирдик. Олдин биз ҳақимизда бошқа маълумотлар, таърифлар беришган экан», — деди у.

Ўқитувчи «Миллий» телеканалининг «Миллар» дастурида тайёрланган бир томонлама репортажга раддия бериш нияти борлигини айтди.

«Суд бўлган куни „Миллар“ дастуридан келиб кетишган экан. Улар камерага ёзиб олинган бор нарсаларни қўйишмаган. Фақатгина правакацион ахборот бериб, видеодан кесиб олишган. Уларнинг лавҳасида боланинг телефонини олиб қўйганим, уни сўкинган жойлари йўқ. Мен бунга жуда ҳам қаршиман. „Миллар“ кўрсатувига раддия билан чиқмоқчиман. Журналистик текширув дегандан кейин журналистни ўзи келиб, текширувини олиб чиқиши керак, деб ўйлайман», — деди Гулчеҳра Мамажонова.

«Директорни шахсий адовати бор эди»

Унинг қайд этишича, у босимлар туфайли ишдан бўшашга мажбур бўлган. 10 март куни ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.

«Мендан ариза ёзишимни талаб қилишди. Ўз хоҳишимга кўра ариза ёзмасам, кейин қонунчиликдаги модда бўйича бўшатишларини айтишди. Ишдан бўшатилишим учун қандайдир асос бўлиши кераклигини айтдим. Мактаб таълими тизимида олдин ҳайфсан берилади, кейин огоҳлантириш ва иш ҳақидан 30 фоиз олиш чоралари кўрилади. Сўнгра 100-модда билан ишдан бўшатиш жазоси мавжуд. Директорни менга нисбатан шахсий адовати бор эди. Ариза ёзишимни сўраб, уйимгача ходимлар борди. 10 март куни улар хоҳлаганидек ариза ёзиб бердим. Босимлар билан яшаш қийин бўлди. Аслида нима бўлганини одамлар мендан ҳам эшитсин, деган фикрда ижтимоий тармоқларга ҳолат ҳақида ёзиб қолдирдим. Танганинг иккита томонини эшитиб, хулоса чиқариш керак», — деди у.

Биз калтак еган ўқувчи ва унинг онасидан ҳолат бўйича изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Аммо улар билан боғлана олмадик. Шундан сўнг воқеа юзасидан мактаб директорининг муносабатини олиш мақсадида унга микрофон тутмоқчи бўлдик. Лекин директор ҳозир бу бўйича интерьвю бера олмаслигини айтди.

Ўқитувчи ишга қайта тикланди

Гулчеҳра Мамажонованинг айтишича, жамоатчилик ва масъул ташкилотлар туфайли у ишга қайта тикланди. Кейинги ҳафтадан мазкур мактабда фаолиятини давом эттиради.

«Душанбадан ишга қайтадиган бўлдим. Ишдан бўшашим ҳеч қандай асосга эга эмас экан. Суд қарори асосида жаримани тўласам, бўлди экан. Бунинг учун жамоатчиликка раҳмат айтмоқчиман, бундан жуда ҳам хурсандман», — деди у.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вазир Ҳилола Умарованинг кўрсатмасига асосан, мактабдаги ҳолатни ўрганиш бўйича вазирлик Ишчи гуруҳи тузилди. Қайд этилишича, Ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижалари жамоатчиликка маълум қилинади.

Миролим Исажонов, «Газета.uz» мухбири.

Тасвирчи ва монтажчи Маъмуржон Обраҳматов.