2 март куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 152-мактабда биология фани ўқитувчиси дарсда телефон ўйнаб ўтирган ўқувчини уриб, дарсдан чиқариб юборгани сабаб 900 минг сўм жаримага тортилди. Ижтимоий тармоқларда синфхонанинг камера ёзувига тушган мазкур воқеа кадрлари кенг тарқалди.

Milliy TV телеканалининг Millar информацион дастури ўқувчининг онаси берган таклифга асосан ҳолатни ўрганиш учун мактабда журналистик суриштирув ўтказди.

Исм-шарифи сир сақланишини истаган ўқитувчи журналистга интервью бериб, ўқувчининг дарсда телефон ўйнаб ўтиргани ва унга танбеҳ берган устозга уятли сўзлар билан гап қайтарганини маълум қилди.

Тошкент шаҳри халқ таълими бош бошқармаси ҳолатга расмий баёнот бериб, воқеа дарс жадвали бўйича бешинчи соатда — биология фани дарсида бўлганини билдирди.

Келтирилишича, ўқитувчи 8-«А» синфда дарс ўтаётган маҳалида ўқувчилар Х.Д. ва О.О.нинг телефон ўйнаётганини кўриб қолган. Педагог уларни бир неча маротаба огоҳлантириб, танбеҳ берган. Аммо ўқувчилар устознинг танбеҳига эътибор қилмай, дарс жараёнига халақит қилишда давом этган. Оқибатда ўқитувчи асабини жиловлай олмаган, ўқувчиларни тартибга чақирган, унинг танбеҳини инобатга олмагани туфайли ўқувчиларни калтаклаган.

Ўқувчининг онаси воқеа бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судида ҳолат бўйича видеоконференцалоқа тизимида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Тошкент шаҳри суди матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, унда ўқитувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида белгиланган жиноят — майда безорилик қилган деб топилди.

Суднинг иш ҳужжатларига кўра, ҳуқуқбузар дарс ўтаётган вақтда ўқувчининг ўқув қуролларини ёдидан чиқиб уйда қолдиргани ва дарсда эътиборсиз ўтиргани сабаб унга турли хил уятли сўзлар билан қўпол муносабатда бўлган. Ўқувчилар олдида баланд овозда бақир-чақир қилиб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, дарс жараёнидан чиқариб юборган. Ўқитувчи ушбу ҳаракатлари билан майда безориликда назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, дейилади хабарда.

Суд қарорига кўра, ўқитувчи аёл БҲМнинг 3 баравари миқдорида (900 минг сўм) жаримага тортилди.

Блогер Исроил Тиллабоевнинг Telegram каналидаги муҳокамалар гуруҳида ушбу ҳолат 152-мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Мамажонова билан содир бўлгани маълум қилинди. Ўқитувчининг ўзи жанжалга нима сабаб бўлганига тўхталиб ўтди.

«Мен шу видеороликдаги ўқитувчиман. Биология фанидан дарс бераман, 20 йиллик стажга эгаман. Олий тоифалиман. Магистратурани ҳам ўқиб битирганман… Видеороликда ўзим тан оламан, ўта қуюшқондан чиқиб кетганим кўринган. Лекин бу тўлиқ видео эмас, провокацион моментлар қирқиб ташланган. Энг асосийси — бу уюштирилган», — деди ўқитувчи.

Унинг айтишича, буни ким уюштиргани, нима учун уюштиргани, унинг ўзига маълум. Қуйида унинг изоҳини келтириб ўтамиз:

Мактаб директори Мавлянова Марзия Даврановна 30 йилдан кўпроқ шу мактабда фаолият олиб боради. 30 йил директор бўлгандан кейин, таьлимда ишлайдиганлар билади, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайди. Шу мактабдаги 5 йиллик фаолиятим натижасида ноқонуний пул йиғимларига қарши турдим. Мактаб штат бирлигида турадиган қоровулни ота-оналарга қўриқлаш хизматидан «охрана» деб таништириб, бола бошига 30 минг сўмдан пул йиғиб олар эди (мактабда 3 мингга яқин ўқувчи ўқийди, йиғиладиган суммани тасаввур қилинг)…

Менинг айбим — шу ноқонуний йиғимларни йиғишга қарши бўлганим. Ўтган ўқув йилида бир устознинг шикоят хати кетидан мактабни прокуратура текширди. 40−50 млн сўм камомад чиқди. Шу текширув пайтида пул йиғимларининг ҳақиқатда йиғилишини тасдиқлаб берганим учун директор кун бермай қўйди, десам ҳам бўлади. Ҳаттоки ички ишлардан ҳимоя ордери ҳам олишга мажбур бўлдим. Очиқдан-очиқ «ишдан бўша, аризангни ёз», дея турткилайверди. Аризамни ўзим ёзмаганим учун шунақа тузоқлар қўйишини бошлади. Бу видеоролик ҳам шунақа тузоқлардан биттаси.

Мактабда ишлайдиганлар билади, камеранинг «доступи» фақат директорнинг хонасида бўлади. Видеони ҳам унинг ўзи тарқатди. Ҳаттоки ўқувчининг онасини чақириб, «боламнинг ўзида айб экан, ёмон сўкибди устозни, китоб-дафтари ҳам йўқ экан», дейишига қарамасдан, мажбурлаб ариза ёздирибди. Бугун судда ойиси йиғлаб кечирим сўради. Халқим, бугун қалбим қон йиғламокда. Ўзим севган касбдан мажбурлаб бугун ариза ёздиришди. «Тепадагилар» қўймаётганмиш.

Ҳурматли «тепадагилар», сизларга бир инсоннинг тақдирини ҳал қилиш шунчалар осонми? Суриштирмай ҳайдаб юбориш шунчалик осонми? Сизга тўғрисўз ўқитувчилар керакмасми? Унда битта таклиф: пединститутларга «ялоқилик қилиш техникаси ва унинг фойдалари» деган фанни қўшинглар, токи келажакдаги ёш авлод мендек қийналиб юрмасин, мендек бечора бўлиб қолмасин!

Мен бугун йиғлаб ўзимга қасам бердим, бошқа ўқитувчилик қилмайман, ортиқ ўқитувчилик қилмайман… Майли, оч қолай, майли бечора бўлай, ортиқ ўқитувчилик қилмаганим бўлсин!

Ҳолат бўйича мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг кўрсатмасига асосан мактабдаги таълим ва тарбия жараёнларини ўрганиб чиқиш бўйича вазирлик ишчи гуруҳи тузилди.

«Мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юзага келган низоли ҳолат бўйича ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Суд қарори билан ўқувчининг онаси ва мактаб ўқитувчисига нисбатан маъмурий чоралар қўлланган. Ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижалари жамоатчиликка маълум қилинади», — дейилади хабарда.