Humo ва Uzcard тўлов тизимлари ўзаро интеграциясини босқичма-босқич, жумладан 2023 йил май ойига қадар банкоматлар ҳамда 2023 йил якунига қадар тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишларини якунлаш топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг қарорига таяниб маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий Банки раҳбари Мамаризо Нурмуратов Humo ва Uzcard тўлов тизимлари узоқ музокаралардан сўнг ўзаро интеграция бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди.

Мамаризо Нурмуратов биринчи марта 2020 йил сентябрь ойида иккита тўлов тизимларини интеграциялаш режасини эълон қилган эди. 2021 йил декабрь ойи охирида Uzcard ва Humo ўзаро интеграциянинг биринчи босқичини якунлаётгани хабар қилинди. Иккита тўлов тизимининг терминаллари иккала картани ҳам қабул қила олади. Ушбу хусусият пайдо бўлиши учун банклар терминалларини қандай янгилаш бўйича кўрсатмалар олишлари керак эди.