Узоқ давом этган музокаралардан сўнг Humo ва Uzcard тўлов тизимлари ўзаро интеграция жараёнига келишиб олди. Бу ҳақда 26 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Uzcard хусусий корхона бўлгани учун маълум жиҳатдан қийинчиликлар бўлди. Ҳозир биз келишувга эришдик ва ишларни бошладик. Бу қандай тугашини ҳозир билмайман. Май ойигича банкоматларни интеграция қилиш бўйича технологик жараённи бошладик. Иккинчи этапимизда терминалларимизни интеграция қилиш бўйича режаларимиз бор», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, интеграциянинг кечикишига айрим хизматлар учун комиссиялар билан боғлиқ масалалар бўйича келишувлар сабаб бўлган.

«Биз Марказий Банк сифатида бу операцияларга тижорий талабларимиз йўқ. Биз маълум бир операцияларни комиссиясиз қиладиган бўлсак, Uzcard — комиссия билан қилар эди. Ўша жойларда келишиш керак бўлди. Ва бугунги кунда биз ўша келишувга эришдик. Кеча «йўл харитаси»ни тасдиқладик, бу бўйича ишларнинг май ойида тугашини кутяпмиз», — деди МБ раҳбари.

Мамаризо Нурмуратов биринчи марта 2020 йил сентябрь ойида иккита тўлов тизимларини интеграциялаш режасини эълон қилган эди.

2021 йил декабрь ойи охирида Uzcard ва Humo ўзаро интеграциянинг биринчи босқичини якунлаётгани хабар қилинган эди. Иккита тўлов тизимининг терминаллари иккала картани ҳам қабул қила олади. Ушбу хусусият пайдо бўлиши учун банклар терминалларини қандай янгилаш бўйича кўрсатмалар олишлари керак эди.

2022 йил июлида Марказий банк раҳбари Humo ва Uzcard ўзаро интеграция бўйича иш олиб боришда давом этишини, бироқ бу жараён маълум қийинчиликлар билан давом этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Uzcard` айрим шартлари Humo`га тўғри келмаган.