Тошкент фотосуратлар уйида 6 март куни «Ўзбекистон аёли — ўтмиш, нафосат, келажак рамзи» номли анъанавий фотокўргазма иш бошлади. Бу йил «Ўзбекистон хотин-қизлари таълим соҳасида» деган мавзуга бағишланган кўргазма «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Кўргазмада Ўзбекистон хотин-қизларининг мустақилликкача ва мустақиллик давридаги илм-фандаги фаолиятлари акс этган 200 дан ортиқ фотосурати намойиш этилмоқда. Улар орасида жамоатчилик эътиборига илк бор ҳавола этилаётган 40 дан зиёд кадрлар ҳам бор.
Кўргазма очилишида «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов намойишга қўйилган фотосуратлар ўзбек аёлларининг тарихан илм-фан билан шуғулланганини кўрсатиб беришини таъкидлади. «Ижтимоий тармоқлару маълум қатламлар орасида хотин-қизларни ўқитиш шарт эмас деган нотўғри фикрлар юради. Тарихга назар ташасак, аёлларимиз илм-фанда эркаклардан кам бўлмаганини кўрамиз. Ушбу фотосуратлар буни исботлаб беради», — деди Юсупов.
Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви мутахассиси Саида Шербоева фотосуратлар қандай меъзонлар асосида ва қанча муддатда саралаб олинганини маълум қилди.
Саида Шербоева. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Кўргазмада аёллар таълими мавзусини нафақат шахслар, балки турли даврлардаги китоблар ва техникалар уйғунлигида очиб беришга ҳаракат қилдик. Қолаверса, маданият, тиббиёт, қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлган жамланмаларни қўшган ҳолда аёлларнинг ҳаёт тарзи, ривожланишини ҳам қисман кўрсатдик. Хотин-қизларнинг кайфияти, либослари ҳам эътибордан четда қолмади. Кўргазма устида шу йилнинг январидан ишлашни бошладик. Суратлар дастлаб каталогдан сараланди, кейин электрон вариантлари яратилиб, нусхаланди», — деб маълумот берди мутахассис.
Фотокўргазма 11 мартга қадар давом этади. «Газета.uz» намойишга қўйилган суратларнинг бир қисмини муштарийлар эътиборига тақдим этади.
Саводсизликни тугатиш курсида таҳсил олётган хотин-қизлар. Бухоро шаҳри, 1928 йил.
Ўзбек хотин-қизлари 8 март байрамини нишонлаш чоғида. Тошкент шаҳри, 1930 йил.
Аёллар клуби аъзолари. Тошкент шаҳри, 1933 йил.
Марказий аёллар клубида умумтаълим мактаби дарслари. Улжаева Тарахон 6-«Б» синф ўқувчиси, уй бекаларига китоб ўқимоқда. Тошкент шаҳри, 1936 йил.
Саводсизликни тугатиш курси дарсида. Самарқанд шаҳри, 1937 йил.
Халқ артистлари Тамарахоним (ўнгда) ва Мукаррама Турғунбоева пахта теримида. Тошкент вилояти, 1938 йил.
Тошкент вилояти Оржоникидзе райони Сталин номидаги колхоз яхудийлар мактаби ўқитувчиси, Ш.Қаюмова китоб ўқимоқда. Тошкент вилояти, 1938 йил.
Саводсизликни тугатиш курсида таҳсил олаётган хотин-қизлар. Тошкент шаҳри, 1938 йил.
Ўрта Осиё давлат университетида. Тошкент шаҳри, 1938 йил.
Ўрта Осиё давлат университетида. Тошкент шаҳри, 1938 йил.
К.Э.Ворошилов номидаги Тошкент Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи саводсизликни тугатиш курси ўқитувчиси Назира Рамазонова тингловчиларга ўқишни ўргатмоқда. Тошкент шаҳри, 1938 йил.
Куйбишев номидаги ўрта мактабда дарс жараёни. Бухоро, 1939 йил.
Тошкент шаҳар, Октябрь тумани аёллар клуби: саводсизликни тугатиш бўйича дарслар. Тошкент шаҳри, 1939 йил.
Ўрта мактаб ўқитувчиси Гарсева ўқувчиларга дарс ўтиш чоғида. Тўрткўл шаҳри, 1940 йил.
Халқ артисти Тамарахоним хотин-қизлар даврасида. Тошкент шаҳри, 1940 йил.
32-сон ўрта мактаб ўқувчилари. Наманган шаҳри, 1945 йил.
Қорақалпоғистон педагогика институти ўқитувчиси Раҳима Колобоева талабаларга ўрта асрлар тарихи бўйича маъруза ўқимоқда. Нукус шаҳри, 1946 йил.
Тошкент шаҳридаги 30-сон мактабнинг 9-синф ўқувчилари (чапдан ўнгга) И.Аинепова, А.Абрамова, Э.Месровичлар имтихонга таёрланмоқда. Тошкент шаҳри, 1946 йил.
Куйбишев номидаги аёллар мактаби 4-синф ўқитувчиси Хабия Сотиболдиева табиатшунослик дарсида. Бухоро шаҳри, 1946 йил.
Тошкент шаҳри 84-мактаб. 1946 йил.
Андижон шаҳар 30-сонли хотин-қизлар умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчилари физика хонасида. 1947 йил.
Горкий номидаги ўрта мактаб ўқитувчиси Махфуза Мираджанова она тили дарсида. Бухоро шаҳри, 1947 йил.
Тошкент шаҳар 163-сон мактаб 2-синф ўқитувчиси Муҳаббат Ғафурова она тили дарсида. 1948 йил.
Тошкент астрономик обсерваториясида Профессор Шеглов В.П аспирантга дарс ўтиш жараёнида. 1948 йил.
Андижондаги 5-сон мактаб аълочи ўқувчилари география дарсида. 1948 йил.
22-сон мактаб ўқитувчиси Зулфия Абдуллаева ўқувчиларни синф хонаси билан таништирмоқда. Самарқанд шаҳри, 1949 йил.
Янгийўл тумани «Шарқ юлдузи» колхозининг 7-синф ўқувчилари география дарсида. Тошкент вилояти, 1950 йил.
Тиббиёт фанлари доктори Зулфия Умидова ТошМИ талабаларига дарс ўтмоқда. Тошкент шаҳри, 1953 йил.
Тошкент шаҳри 2-сон мактаб ўқитувчиси, депутат Мукаррам Қодирова дарс ўтиш чоғида. 1953 йил.
Шоира Зулфия иш устида. Тошкент вилояти, 1954 йил.
Тошкент давлат педагогика институти ўқитувчиси Н.Р.Рахимова талаба қизлар М.Юнусова, И.Хайитқулова, Х.Балтаевларга жисмоний тарбия дарсини ўтмоқда. Тошкент шаҳри, 1955 йил.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Гания Каримова Тошкент шаҳридаги 28-мактабнинг собиқ ўқувчилари даврасида. 1957 йил.
Колхознинг моҳир пиллачи қизлари Хонум Бабаева ва Токташ Гулаева хирмонда. Сурхондарё вилояти, 1961 йил.
Профессор М.Абдуллахўжаева ТошМИ талабаларига патанатомия дарсидан маъруза ўқимоқда. 1973 йил.
Тошкент шаҳридаги 107-сон мактаб ўқитувчиси Муяссар Шомирзаева лингафон хонасида ўқувчиларга дарс ўтмоқда. 1989 йил.
Тошкент шаҳридаги 92-сон мактабнинг ҳинд тили ўқитувчиси Д.Юсупова 9-синф ўқувчиси Мавлонованинг уй вазифасини тингламоқда. 1992 йил.
4-сон болалар уйи бадиий тўгарак раҳбари А.Черепанова (ўнгда) тўгарак аъзолари билан навбатдаги машғулотда.
Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ёш ёзувчи аёллар билан.