Россия Украинага бостириб кириши ҳақидаги башоратлар AҚШ ва Британия расмийлари томонидан 2021 йил охиридаёқ янграй бошлаган эди. Шунга қарамай, ўша пайтда бир давлатнинг бошқа бир давлат суверен ҳудудига бостириб кириши замонавий дунё тартибига сира мос келмайдиган бир воқелик сифатида кўрилиб, кўпчилик бунинг амалга ошишига шубҳа билан қаради. Қолаверса, Россия ҳукумати Украинага бостириб кириш режаси ҳақидаги фаразларни доимий равишда инкор қилиб келди, айни пайтда Украина чегараларига ўз қўшинларини жойлаштиришда, уларнинг сафини муттасил кенгайтиришда давом этди.

2022 йил 24 февралда Россия Украинани «демилитаризация ва денацификация қилиш зарурати» юзасидан «махсус ҳарбий операция» бошлаганлигини эълон қилди. Украинада «махсус-ҳарбий операция» ёрлиғи остида бошланган уруш, роппа-роса бир йилдирки, давом этиб келмоқда. Урушнинг биринчи ойларида томонлар ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижа бермади.

Чуқур глобаллашув шароитида урушнинг иқтисодий оқибатлари фақатгина ундаги иштирокчи давлатлар билан чекланиб қолмайди. Бу уруш пандемия инқирозидан сўнг тикланиш арафасида турган бутун бошли глобал иқтисодиётга сезиларли зарба бўлди. Қуйида икки давлат бошдан кечираётган, бироқ бадалини бутун дунё ҳамжамияти биргаликда тўлаб келаётган ана шу урушнинг иқтисодий оқибатлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Глобал ўсишнинг секинлашиши

2022 йилда энергия инқирози, инфляцион босим ва аҳолининг реал даромадлари қисқариши каби қатор омиллар таъсирида глобал иқтисодиётнинг секинлашиши кузатилди ва глобал ўсиш кўрсаткичи 2021 йилдаги қарийб 6 фоиздан 3 фоизгача қисқарди. Жаҳон банкининг тадқиқотларига кўра, 2023 йилда Украинадаги урушнинг давом этиши, энергия ва озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори инфляцияси сақланиб қолиши, юзага келиши мумкин бўлган товарлар тақчиллиги фонида глобал ЯИМ ўсиши 1,7 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)га кўра, 2023 йилдаги глобал ўсишга асосан ривожланаётган Осиё мамлакатларидаги иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади. АҚШ ва Европа мамлакатлари иқтисодиёти секинлашаётган бир пайтда глобал ўсишнинг тўртдан уч қисми айнан ривожланаётган Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда.

россия-украина

Манба: Жаҳон банки

Рекорд даражадаги инфляция

2022 йилнинг октябрь ойида Халқаро валюта жамғармаси (IMF) йиллик глобал инфляция кўрсаткичи 2021 йилдаги 4,7 фоиздан 2022 йил якунига келиб 8,8 фоизгача ўсиши ва 2023 йилда 6,5 фоизгача пасайишини прогноз қилган эди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) мазкур кўрсаткични 9,4 фоиз (2023 йилда — 6,6 фоиз) деб баҳолади. 2022 йилда дунёнинг ўнлаб мамлакатларида икки хонали, Венесуэла, Судан, Зимбабве, Туркия ва Аргентина сингари давлатларда уч хонали инфляция кўрсаткичи қайд этилди.

россия-украина

Манба: Statista

Энг бирламчи ва доимий эҳтиёжларни қондиришга мўлжалланган товарлар — озиқ-овқат ва уй-жой нархлари пандемиядан олдинги даврдаёқ кўтарила бошлаган эди. Украинадаги уруш оқибатида энергия ва озиқ-овқат бозоридаги таклиф ҳамда таъминот ва қиймат занжирларидаги узилишларнинг вужудга келиши мавжуд инфляцияни янада тезлаштирди.

Таъкидлаш жоизки, Россия ва Украина иқтисодиёти кўлами жиҳатидан глобал иқтисодиётда йирик улушга эга бўлмаса-да (2022 йилда мос равишда 3,2 фоиз ва 0,3 фоиз), ҳар иккала мамлакат жаҳон бозорида энергия ва асосий озиқ-овқат товарлари таъминотида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Украинадаги уруш энергия ва озиқ-овқат бозорида қисқа муддатда жиддий шокларни келтириб чиқарди.

россия-украина

2020−2022 йилларда бирламчи эҳтиёжларга мўлжалланган товарлар (Истеъмол нархлари индекси (1), озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар (2), уй-жой, ичимлик суви, электр энергияси, газ ва бошқа ёқилғилар (3)) нархларининг ўсиши турли даромад гуруҳлари бўйича мамлакатлар кесимида. Манба: WEF Global Risks 2023

Украинадаги уруш энергия нархларининг 1970 йиллардаги нефть инқирозидан бери кузатилмаган суръатларда ўсишига олиб келди. Жаҳон банки мутахассисларининг маълум қилишича, 2023 йилда энергия нархлари ўртачадан 46 фоиз юқори даражада сақланиб қолиши кутилмоқда. OECD прогнозларига кўра, энергия нархларининг ўсишда давом этиши 2023 йилда глобал ЯИМда 0,5 фоиз йўқотишга ва глобал инфляциянинг 0,7 фоизга юқорироқ бўлишига олиб келиши мумкин.

россия-украина

Манба: OECD

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Озиқ-овқат нархлари индекси 2022 йилда 14,7 фоизга ўсди ва сўнгги 30 йил ичидаги рекорд даражасини қайд этди. Жаҳон банкига кўра, бутун дунё бўйлаб ички бозорларда озиқ-овқат нархлари инфляцияси юқорилигича қолмоқда. 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг январигача бўлган охирги ойлардаги озиқ-овқат нархлари инфляцияси бўйича маълумотлар деярли барча паст ва ўрта даромадли мамлакатлар юқори даражадаги инфляцияни бошдан кечираётганлигини кўрсатади. Озиқ-овқат нархлари ўсишидан энг кўп зарар кўрган минтақалар қаторида Африка, Шимолий Америка, Лотин Америкаси, Жанубий Осиё, Европа ва Марказий Осиё санаб ўтилган.

Энергоресурслар ва озиқ-овқат нархлари рекорд даражада ўсиши ортидан чуқурлаша бошлаган яшаш харажатлари инқирози Жаҳон иқтисодий форумининг (WEF) глобал хавф-хатарларга бағишланган тадқиқотига кўра 2023 йил ва келгуси икки йилда энг оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган глобал риск сифатида баҳоланди. Яшаш харажатлари инқирози оқибатида аҳолининг энг заиф қатламлари бирламчи эҳтиёжларини қондириш имкониятидан маҳрум бўлишлари мумкин. Хусусан, инфляциянинг юқори суръатларда ўсиши пенсия ёшидаги аҳоли қатламига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Қолаверса, озиқ-овқат, энергия ва уй-жой нархларининг ўсиши аҳолининг реал даромадларини пасайтириб, энг бирламчи эҳтиёжлар учун сарф-харажатлар ўртасида танлов қилиш зарурати олдида танг қолдириши, натижада жамиятда саломатлик ва фаровонлик даражаси пасайиб кетиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, нархларнинг рекорд даражада ўсиши ортидан озиқ-овқат хавфсизлиги, энергия хавфсизлиги ва диверсификацияси кун тартибига чиқди. Бироқ, ҳукуматларнинг бу борадаги чора-тадбирлари акс таъсирларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 2022 йил декабрь ҳолатига 30 дан ортиқ давлатлар бир қатор асосий озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига турли даражадаги чекловларни ўрнатган. Бу, ўз навбатида, глобал бозорда нархлар шаклланишига муайян даражадаги босимларни келтириб чиқаради. Украинада давом этаётган урушнинг баҳорги экиш мавсумига потенциал таъсири ҳам глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган омиллардан бири сифатида қайд этилмоқда. Шунингдек, қатор мамлакатлар энергия хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўмир ва бошқа қазиб олинадиган ёқилғи турларига қайтишга мажбур бўлмоқда.

Гуманитар инқирознинг чуқурлашуви

2022 йилда глобал миқёсда гуманитар инқироз сезиларли даражада чуқурлашди. Йилнинг биринчи ярмидаёқ дунё бўйлаб турли таъқиблар, низолар, зўравонликлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки сиёсий тартибсизликлар оқибатида ўз ватанини тарк этган, шунингдек, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бироқ ўз ватанида яшашни давом эттираётганлар сони 100 миллиондан ошиб кетган эди. БМТнинг маълум қилишича, 2022 йилда инсонпарварлик ёрдами ва ҳимояга муҳтож инсонлар сони 274 миллионни (2021 йилда — 235 миллион) ташкил этди. WEF ҳисоб-китобларига кўра, инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлган кишилар сони 2023 йилда 340 миллионга етиши кутилмоқда.

россия-украина

Манба: WEF

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича агентлигига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши дунё миқёсида гуманитар инқирозни чуқурлаштириб, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги даврда кузатилган энг тез ва энг йирик қочқинлар ҳамда мамлакат ичида ўз яшаш жойини тарк этганлар инқирозига сабаб бўлди. Ҳозирда Украина аҳолисининг 40 фоиздан зиёд қисми — 17,6 миллион нафар тинч аҳоли вакиллари инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Шу жумладан қарийб 8 миллиондан ортиқ украиналиклар ўз ватанини ташлаб чиқишга мажбур бўлиб, Европа мамлакатларидан паноҳ топган, 6,5 миллион украиналиклар эса ўз уйларини тарк этиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жон сақламоқда.

Қочқинларнинг асосий қисмини — 60 фоиздан ортиғини Россия, Полша ва Чехия қабул қилган. Қисқа вақт ичида кўп сонли қочқинларнинг кириб келиши қабул қилувчи мамлакат учун уларни бирламчи эҳтиёж воситалари, хусусан, бошпана, озиқ-овқат ҳамда зарур тиббий хизмат ва воситалар билан таъминлаш заруратини туғдиради. Қолаверса, бу қабул қилувчи мамлакат меҳнат бозорига муайян даражадаги босимларни келтириб чиқариши мумкин.

Таъминот занжирларидаги узилишлар

WEF га кўра, 2022 йилда таъминот занжирларида юзага келган узилишларга қуйидаги беш омил энг кўп таъсир кўрсатган (шундан камида учтаси бевосита Украинадаги уруш оқибатлари билан боғлиқ):

  • Яшаш харажатларининг ўсиши — юқори даражадаги инфляция истеъмолчиларнинг талабини олдиндан баҳолашни қийинлаштиради;
  • Иш ташлашлар — реал даромадлар пасайиши ортидан ишчилар иш ҳақи даражасини ошириш талабини қўйишмоқда, ишлаб чиқарувчиларнинг бунга жавобан хатти-ҳаракатлари таъминот занжирларига таъсир кўрсатади;
  • Энергия тақчиллиги — энергия етишмовчилиги сабаб бизнес вакиллари муқобил энергия манбаларини топиш, ишлаб чиқариш кўламини пасайтириш ёки фаолиятни тўхтатиш каби танловларга дучор бўлди;
  • Геосиёсий ноаниқликлар — Украина ва Россия, АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескинлик муҳим савдо йўлларини хатарли қилиб қўйди;
  • Экстремал об-ҳаво шароитлари — қурғоқчилик ва сув сатҳининг пасайиши муҳим савдо йўллари орқали ташишни қийинлаштирди.

Украина жаҳон ЯИМида нисбатан кичик улушга эга бўлишига қарамай, глобал миқёсда қишлоқ хўжалиги, хусусан, дон маҳсулотларининг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, Украинанинг автомобилсозлик ва яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда фойдаланилувчи муайян турдаги муҳим элементлар ва паст технологияли ярим тайёр маҳсулотлар экспорти, айниқса, Европада автомобил саноати қиймат занжирида муҳим аҳамиятга эга. Россия, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда зарур бўлган ўғитлар, энергоресурслар ва саноат ишлаб чиқаришда кенг фойдаланиладиган бир қатор хомашё (металлар) маҳсулотлари экспортида етакчи ҳисобланади.

россия-украина

Муайян турдаги хомашё маҳсулотлари глобал ишлаб чиқариш ва экспортида Россиянинг улуши (2020 йил). Манба: OECD

Шу нуқтаи назардан, урушнинг дастлабки кунларидаёқ озиқ-овқат таъминот занжирларидаги узилиш ва нархларнинг кескин ўсиши глобал бозорда акс садо берди. Украинада уруш оқибатида мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги инфратузилмасига жиддий шикаст етказилди. Қолаверса, Россияга нисбатан киритилган санкциялар, шу жумладан, ташқи савдодаги чекловлар, Россия ҳудудидан ўтувчи савдо йўлакларининг ёпилиши, Украинадаги озиқ-овқат экспортининг жаҳон бозорига етказилишини таъминловчи денгиз йўлларининг тўсиб қўйилиши ёки эгаллаб олиниши ва, умуман, геосиёсий тартибсизлик ҳамда ноаниқликлар глобал миқёсда таъминот ва қиймат занжирлари ҳамда логистиканинг барча босқичларига салбий таъсир кўрсатди. Халқаро савдода ташиш харажатларининг ўсиши кузатилди.

россия-украина

Глобал ташишда етказиб бериш вақти ва харажатларининг ўсиши: урушнинг дастлабки ойларида етказиб бериш қимматлашган ва узоқроқ вақт талаб қила бошлаган. Апрель ойидан сўнг вазият нисбатан юмшаганини кўриш мумкин. Манба: Жаҳон банки

Урушнинг Украина ва Россия иқтисодиётига таъсири

Жаҳон банки уруш оқибатида Украина иқтисодиётининг 2022 йилдаги потенциал қисқаришини 35 фоизга баҳолади. Бундан ташқари, мамлакатда ишлаб чиқариш қувватлари тўхтади ёки вайрон қилинди, қишлоқ хўжалиги ерлари жиддий зарар кўрди, ишчи кучи, шу жумладан, инқироздан қайта тикланиш учун зарур бўлган инсон капитали йўқотилди. Ракета ҳужумлари мамлакатдаги муҳим аҳамиятга эга бўлган инфраструктура ҳамда ижтимоий объектларга жиддий зарар етказди. Натижада маҳаллий аҳоли бирламчи эҳтиёжлар учун зарур хизматлар, шу жумладан, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотидан узилиб қолди. Украинада ҳарбий ҳаракатлар оқибатида инфратузилмага етказилган зарар 113,5 млрд долларга баҳоланмоқда.

БМТ маълумотига кўра, Украинадаги уруш натижасида 18,8 мингдан зиёд тинч аҳоли вакиллари жабр кўрган, шундан 11,6 мингдан ортиғи жароҳатланган, салкам 7,2 минг киши ҳалок бўлган (2023 йил, 6 февраль ҳолатига). Бу расман тасдиқланган рақамлар бўлиб, ҳақиқий йўқотишлар бундан кўпроқ бўлиш эҳтимоли юқори.

Жаҳон банкига кўра, мамлакатда ижтимоий, ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини қайта тиклаш ва таъмирлаш учун камида 349 млрд доллар — 2021 йилги Украина ЯИМидан бир ярим баробар кўпроқ — маблағ талаб қилинади. Айни пайтда, ҳозирги кунга қадар мамлакатга дунё мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан 54 млрд долларлик ҳарбий, молиявий ҳамда инсонпарварлик ёрдами кўрсатилган.

Халқаро валюта жамғармаси 2022 йилда Россия иқтисодиёти 3,4 фоизга қисқаришини прогноз қилган эди. Россия Федерал статистика хизмати ўтган йилда мамлакат иқтисодиёти 2,1 фоизга қисқарганини маълум қилди. Коллектив Ғарб санкциялари остида Россия молия ва банк сектори жиддий босимга учради. Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина ўтган йил ноябрь ойида Ғарб санкцияларининг Россия ва жаҳон иқтисодиётига таъсири муқаррар эканлигини таъкидлаган эди.

Россия Украина ҳудудига бостириб кирганининг дастлабки кунларидан бошлаб АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия ва қатор Европа давлатлари Россияга қарши санкциялар кирита бошлади. Санкциялар асосан Россия молия тизимига зарба беришга қаратилган бўлиб, жумладан, Россиянинг Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канададаги активларини музлатиш, бир қатор рус банкларини халқаро SWIFT тизимидан узиб қўйиш, ташқи қарз маблағларини жалб қилишга чеклов ўрнатиш, бир сўз билан айтганда, урушнинг молиялаштириш манбасига айланиши мумкин бўлган молиявий ресурсларни имкон қадар чеклашни кўзлади. Бундан ташқари, Россия Украинага бостириб киргач, дунёда етакчи ва нуфузли халқаро компанияларнинг аксарияти, Украинадаги урушга қарши позициясини намойиш этиш ёки санкцияларга тушиб қолиш рискидан ўзини ҳимоялаш мақсадида, Россия ҳудудида ўз фаолиятини вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатиб, бирин-кетин мамлакат бозорини тарк этди. Шу билан бирга мамлакатдан чет эл капитали ҳам чиқиб кета бошлади.

Уруш бошланганидан кейинги дастлабки ойларда Россия охирги 20 йилликдаги рекорд нархларни бошдан кечирди. Санкциялар сабаб ташқи савдода ҳам муайян тўсиқларга дуч кела бошлади. Юқори технологияли маҳсулотлар импорти билан боғлиқ қийинчиликлар ишлаб чиқаришни секинлаштирмоқда. Шунингдек, коллектив Ғарб Россия энергия ресурсларидан босқичма-босқич воз кечиб келмоқда. Шунга қарамай, нефт ва газ нархларининг рекорд даражада кўтарилиши Россияга урушни молиялаштириш имконини берди.

россия-украина

Россияда инфляция кўрсаткичи, 2022 йил январь — 2023 йил январь. Манба: Statista

Уруш бошланганидан кейин мамлакатда урушга қарши норозилик намойишлари авж олди. Сентябрь ойидаги сафарбарлик чақируви мамлакатда навбатдаги норозилик намойишлари тўлқинини келтириб чиқарди. Намойишлар кучишлатар тузилмалар ёрдамида тарқатиб юборилди ва минглаб намойишчилар ҳибсга олинди. 2022 йилнинг сентябрь ойида эълон қилинган сафарбарлик ортидан қарийб 1 миллион россияликлар мамлакатни ташлаб чиқди.

Ҳозирда Россияга нисбатан киритилган санкциялардан нафақат Россия, балки санкцияларни жорий этган мамлакатлар, хусусан, Европа мамлакатлари ҳам бирдек азият чекмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Россия иқтисодиёти нисбатан қисқа даврда санкцияларга дош бера олиши мумкин, шунга қарамай, узоқ муддатда уларнинг оқибатлари мамлакат иқтисодиётида сезиларли йўқотишларга олиб келади. Европа мамлакатлари эса қисқа даврда Россиядан кириб келувчи энергия ресурслари импортининг йўқотилган қисмини қоплаш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келишади. Бироқ, узоқ муддатда қайта тикланадиган энергияга ўтишнинг тезлашиши ҳисобига соҳани изга солишга муваффақ бўлишлари мумкин.