Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Европа Комиссияси Россияга нисбатан янги «қаттиқ молиявий санкциялар» қўллашга келишиб олди. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида маълум қилинди.

Янги санкциялар

Унга кўра, ҳозиргача АҚШ ва Европа санкциялари остида қолаётган Россия банклари халқаро банклараро тизим — SWIFT`дан узиб қўйилади.

«Бу эса ушбу банкларнинг халқаро молия тизимидан узилишини ва уларнинг глобал миқёсда фаолият юритиш қобилиятига зарар етказишини таъминлайди», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Россия Марказий банкининг халқаро захираларини санкциялар таъсирига қарши тарзда жойлаштиришга тўсқинлик қиладиган чоралар кўрилади. Бу чоралар Россия Марказий банкининг халқаро молиявий операциялар орқали рубль курсини қўллаб-қувватлаш имкониятини янада чеклайди, деди Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебештрайт.

«Бу дегани Россия регулятори интервенцияларни амалга оширишда ҳам муаммоларга дуч келиши мумкин. Қарийб 700 млрд долларлик Марказий банк активлари ликвидликдан муаммолига айланди», — дея изоҳлади иқтисодчи Отабек Бакиров.

Бундан ташқари, эндиликда Россия ҳукуматига алоқадор ишбилармонлармонларнинг Европа ва АҚШ фуқаролигини олиш ва молиявий тизимларига кириш имкониятини берувчи «олтин паспортлар»дан воз кечилиши мумкин.

Яна бир муҳим санкциялардан бири, кейинги ҳафтадан юқоридаги давлатлар юрисдикциясида мавжуд бўлган россиялик шахслар ва компанияларнинг активлари музлатилади. Россия ҳукуматига алоқадор шахсларга бутун дунё бўйлаб ўз активларини яшира олмасликлари учун ушбу чораларга бошқа ҳукуматлар ҳам жалб этилиши кўзда тутилган.

SWIFT тизимидан узиб қўйиш нимани англатади?

SWIFT — маълумотларни узатиш ва тўловларни амалга ошириш учун халқаро банклараро тизим. 1973 йилда ташкил этилган бўлиб, штаб-квартираси Бельгияда жойлашган. Ушбу тизим бутун дунё бўйлаб молия институтларига молиявий операциялар тўғрисидаги маълумотларни хавфсиз, стандартлаштирилган ва ишончли тарзда юбориш ва олиш имконини беради.

Тўлов тизимларидан (Visa ёки Mastercard) фарқли ўлароқ, SWIFT фақат трансфер хабарларини ташийди ва банклар ўртасида қўлланилади.

2015 йил ҳолатига кўра, дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатларида 11 мингдан ортиқ молия институтлари, шу жумладан мингга яқин корпорациялар SWIFT аъзоси ҳисобланади. Ўртача хабар алмашувлар сони кунига 30 миллиондан ортиқни ташкил этади. Ҳар куни тизим 5−6 трлн доллар миқдоридаги трансфертларни қайта ишлайди.

2021 йил 29 апрель ҳолатига кўра, Россиядаги деярли 300 та банк SWIFT тизимидан фойдаланади (Россияда рўйхатдан ўтган кредит ташкилотлари умумий сонининг ярмидан кўпи) — тизим фойдаланувчилари сони бўйича Россия АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. 2017 йил охирида SWIFT`нинг Россиянинг ички трафигидаги улуши (Россия ташкилотлари ўртасида молиявий хабарларни узатиш) россиялик SWIFT фойдаланувчилари томонидан юборилган хабарларнинг 78 фоизини ташкил этди.

Американинг Navigator Principal Investors компанияси директори Кайл Шостакнинг таъкидлашича, бутун мамлакатни SWIFT`дан узиб бўлмайди, бироқ бир қатор йирик давлат банкларини тизимга киришини чеклаш мумкин. Унинг сўзларига кўра, ушбу тизимдан узиб қўйиш Россия банк тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, жуда кучли иқтисодий санкциялар дастаги ҳисобланади.

Swift муқобили мавжудми?

«Назарий жиҳатдан — ҳа бор. Бироқ агар тез, ишончли ва осон пул ўтказишни хохласанг, унда йўқ», — деб ёзади MacroBS Telegram-канали.

«Нима учун бошқа шундай тизимда бунинг имкони паст? Бу АҚШ долларининг кучи билан боғлиқ. Глобал тўловларнинг ярми, халқаро савдонинг 90 фоизи АҚШ долларида амалга оширилади. Swift орқали юборилган хабар бўйича доллардаги тўловлар одатда бир-бири билан ўзаро ҳисобрақамга эга бўлмаган банклар ўртасида амалга оширилади. Бунинг учун одатда АҚШ тўлов тизимига уланган маълум бир корреспондент банк иштирок этади».

«Юқоридан кўринадики АҚШ билвосита бўлса ҳам давлатлар ўртасидаги тўловларни амалга ошишига таъсир кўрсата олади. Swift`сиз ҳам АҚШ аллақачон йирик Россия банкларини АҚШ молия тизимидан узишга улгурди ва Россия учун экспорт масаласини анча қийинлаштирди».

«Газ бўйича Европа давлатларининг Россияга юқори боғлиқлиги туфайли унинг айрим аъзолари (Германия) энергия учун тўловларни тўхтатишга қаршилик қилишаётганди. Бошқача айтганда, жорий қилинган санкциялар санкция қилиш учун мақсад қилинмаганди. Аммо вазият жуда жиддийлашиши ортидан ва халқаро босим остида Германия ҳам Италия ҳам Россияни Swift`дан узишга қаршилик қилмаслигини маълум қилишмоқда».

«Россиянининг Swift’дан узилиши Россиянинг экспорт компаниялари учун тўлов қилишни деярли имконсиз қилади», — дея таъкидланади постда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг ёзишича, Россия банкларини SWIFT`дан узиб қўйишдан кўра, банкларнинг ўзига санкция қўлланилиши оғирроқ чора бўлади.

«Айтиш жоизки, SWIFT тизимидан рус банкларини ўчиришдан кўра, банкларнинг ўзини санкция рўйхатига киритилиши оғирроқ чора. Яъни Россия SWIFT тизимдан ўчирилса, лекин айрим банклар санкция рўйхатига киритилмаса, чегаралараро тўловлар қимматлашиши мумкин, лекин имконсизлик даражасида эмас. Лекин агар қолган рус банклари худди ВТБдек тўлиқ санкциялар остига тушса — ўша пайт, SWIFT ўчирилмаса ҳам муаммоли ҳолат бўлар эди. Ҳозирча, рус банк секторининг жуда кичик қисми санкциялар остида», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, SWIFT`дан узиб қўйилса ҳам Россия банклари телефон, факс ёки электрон почта орқали алоқа қилишлари мумкин. Алоқа имконияти имконсиз эмас. Бунда транзакцион харажатлар ошади, чунки ҳозирча «қўлда» ёки ўтказиш даражаси анча заифроқ тизим орқали банклар билан алоқа қилиш керак бўлиб қолади.

«Банкларга нисбатан санкциялар — ўша нарса Россия молиявий тизимига катта зарба беради. Ҳозирги вақтга келиб, банклар тўлиқ санкциялар остида эмас. Лекин, айтиш жоизки, хорижий банкларнинг ўзи Россия банклари билан алоқаларни узиши мумкин, яъни келажакда санкциялар киритилиш хавфи борлиги учун. АҚШ санкцияларининг қизиқ томони, иккинчи даражали ҳамкорлар ҳам маъсул бўлиши мумкин», — дея изоҳлади Беҳзод Ҳошимов.