Ижтимоий тармоқларда тошкентлик ўнлаб ўсмирлар кўчада «Аслам — сила» (Аслам — куч) дея бақирганча юриш қилгани акс этган видеолар тарқалди. «Газета.uz» вазиятни ўрганди.

Aslamboi ким?

pubg, стример

Асламбек Бахромов (2004 йилда туғилган) PUBG (PlayerUnknown's Battlegrounds) онлайн ўйинининг машҳур стримери бўлиб, Aslamboi тахаллуси остида ўйнайди. Хабар эълон қилинган пайтда унинг 376 минг нафар YouTube, 136 минг нафар Instagram обуначиси бор эди.

У 10−11 соатгача давом этиши мумкин бўлган ўйинларини жонли эфирга узатади, шунингдек, Energy Gaming киберспорт ташкилоти учун чиқишлар қилади.

Нима бўлди?

pubg, стример

Асламбек Бахромов ўзининг Instagram саҳифасида 24 февраль куни соат 15:00 да Magic City`да ўз фанатлари билан учрашишини эълон қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда унинг Миллий гвардия ҳарбийлари томонидан учрашув жойидан мажбуран олиб кетилгани акс этган.

Тошкент шаҳар ИИБ изоҳида айтилишича, Жиззах вилоятидан бўлган Асламбек Бахромов Magic City кўнгилочар мажмуасида мухлислар билан учрашув уюштириб, совғалар тарқатмоқчи бўлган.

pubg, стример

«Учрашувга тахминан 130−140 нафарга яқин вояга етмаган болалар йиғилган ва жамоат тартибини бузиб шовқин-сурон кўтарган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари тартибсизликни олдини олиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида А.Бахромовни ички ишлар бўлимига олиб кетган. Ходимлар А.Бахромовни олиб кетаётган вақтида бир нечта вояга етмаганлар унинг кетидан автомашинагача кузатиб боришган. Сўнг учрашувга йиғилганларнинг барчаси тарқалган», — дейилади хабарда.

Видеоларда бир гуруҳ ўсмирларнинг номаълум йўналиш бўйлаб юриб борар экан, «Аслам — сила» («Аслам — куч») деб бақиришаётгани акс этган. Гувоҳларнинг хабар беришича, ёшлар стримерни озод этилишини ҳам талаб қилишган.

Бахромовнинг ўзи Telegram каналида ўйиндан уч-тўрт кун қолиши мумкинлигини айтди («gg если чё 3−4 кун афк боп колшм мумкун»).

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан А.Бахромовга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси («Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш») билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун туман судига тақдим этилади.