«Муштум» журнали чиқа бошлаганига 100 йил тўлиши муносабати билан «Газета.uz» 2023 йилнинг февраль ойи охиригача журнал саҳифаларида турли йилларда чоп этилган 10 материални қайта чоп этишга қарор қилди. Туркумнинг аввалги материали 21 февраль куни берилган. Навбатдаги материал — муаллиф Ф.Нуриддиновнинг шахсни тасдиқловчи ва бошқа шу хил ҳужжатларни берувчи идораларда ўзбекча исм-фамилияларни бузиб ёзилиши ҳақидаги 1957 йилда ёзилган «Исмбузарлар» мақоласидир.

Институт қабул комиссиясида ажойиб бир воқеа юз берди. Қабул комиссиясининг раиси институтга қабул имтиҳони топширган бир студентни кўпчилик олдида сўроқ қила бошлади.

— Фамилиянгиз?
— Иброҳимов.
— Исмингиз?
— Олимжон.
— Имтиҳонни ким топширди?
— Ўзим.
— Бу паспорт кимники?
— Меники.
— Аттестат-чи?
— Ўзимники.
— Ёлғон гапиргани уялмайсизми, сиз Ибрагимов Алимжонсиз, аттестат Иброҳимов Олимжон деган кишиники.
— Бўлмаган гап. Ибрагимов ҳам, Иброҳимов ҳам менман. Отамнинг исми Иброҳим. Отам ўзимнинг отам, ўгай эмас. Мен отамнинг ўғлиман, ишонмасангиз онамдан сўранг. Аттестат ҳам ўзимники, ундаги бешлар ҳам ўзимники.
— Бу ерда лўттибозлик кетмайди. Ё аттестат бировники, ё паспорт. Иброҳимов билан Ибрагимов, Олимжон билан Алимжон ўртасида от билан туяча фарқ бор. Қаердан келган бўлсангиз, ўша ерга кетаверинг.

Студент сувга тушган бўлка нондек бўшашиб, қабул комиссиясидан чиқиб кетди. Энди у нима қилсин, додини кимга айтсин, ҳасрат қиладиган кишиси йўқ, мусофир. У бирпас кўча кезиб юрди-да, эрталаб отасининг пул юборгани ҳақидаги қоғозни олгани эсига тушиб, почтага қараб йўл олди.

Почтада яна сўроқ бошланди:

— Фамилиянгиз?
— Иброҳимов.
— Исмингиз?
— Олимжон.
— Паспортингиз?
— Мана.
— Бу кимнинг паспорти?
— Ўзимники.
— Бўлмаса извешчение сизники эмас, Иброҳимов Олимжон деган кишиники экан. Кечирасиз.

Олимжон (ҳужжат бўйича Алимжон)нинг фиғони фалакка кўтарилиб кетди. Ахир извешчениенинг орқасига отаси ўз қўли билан «Ўғлим Олимжон, имтиҳонларни муваффақиятли топширганинг билан табриклайман. Биз тинчмиз, 300 сўм пул юбордим, каму кўстингга ишлат. Сен ўпиб, отанг», деб ёзган-ку, бу қанақаси бўлди энди. Олимжон ўзини ўзи эканига ишонмай, бир паспортидаги расмига, бир бурчакда турган тошойнага қараб, охири почтадан чиқиб кетди.

Биз Олимжон почтадан пулини олдими, институтга кирдими ёки қишлоғига қайтиб кетдими, аниқ билмаймиз. Лекин Олимжон сингари сарсон бўлиб, ўзини ўзим дейишга юраги бетламай юрган кишилар анча-мунча экан.

Биз бу жумбоқнинг тагига етиш мақсадида у-бу ердан суриштириб, кавлаштириб кўрдик. Маълум бўлишича, ЗАГС ва милиция бўлимларининг паспорт столларида ишловчи саводи ғовлаб кетган айрим ходимлари метрика ва паспортларда ўзбекча тўлдириладиган жойларни русча ёки бутунлай саводсизларча тўлдириб, қош қўяман деб кўз чиқарар эканлар.

Масалан, Тошкент шаҳар 5-бўлим милицияси Октябрь районидаги 11-мактабни битириб чиққан Турсуной Аъзамовага Турсунай Агзамова, Йўлдошева Ҳамрога Юлдашева Хамро, Одилова Тўхтага Адылова Тухта, Иброҳимов Шуҳратга Ибрагимов Шухрат, Маҳаматов Тоирга Махаматов Тагир, Олимовга Алимов, Обидовга Абидов, Собировага Сабырова, Эгамбердиевага Игамбердиева, Қодиров Жалилга Кадыров Джалил деб паспорт бериб юборган. Натижада мактабдан аттестат берилганда исм, фамилияларнинг янглиш ёзилишига сабаб бўлган.

Мана бундай, тегирмончи деб кўсани уйғотиб, Эшматни Тошмат, Тошматни Эшмат қилиб юборувчи исмбузарлар фақат 5-бўлим милициясидагина эмас, балки бошқа милиция бўлимлари ва ЗАГС бюроларида ҳам мавжуддир. Шунинг учун бу ташкилотларнинг раҳбарлари тез кунда юқоридагидек исмбузар ходимларнинг ўрниларига хат-саводли, масъулиятли кишиларни тайинлашлари керак.

Ф.Нуриддинов,
«Муштум» журнали, 1957 йил, 9-сон.