20 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден Европага ташрифи доирасида Киевга борди. Бу ҳақда Украина ОАВларига таяниб, «Медуза» хабар бермоқда.

Америка етакчиси Украина президенти Владимир Зеленский билан Михайловский майдонида кўришди ва урушда ҳалок бўлган украин ҳарбий хизматчиларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Бу пайтда шаҳарда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога янгради.

Владимир Зеленский АҚШ президентининг ташрифини расман тасдиқлади. «Жозеф Байден, Киевга хуш келибсиз! Сизнинг ташрифингиз барча украиналикларни қўллаб-қувватлашнинг жуда муҳим ифодасидир», — деди у.

Кейинроқ Байден ҳам «АҚШ Украинанинг демократияси, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш учун» Киевга келганини расман эълон қилди.

Шу пайтга қадар Байденнинг Киевга ташрифи бирор манбада эълон қилинмаган. Оқ уйнинг хабар беришича, Байден 20−22 февраль кунлари Польшага ташриф буюради ва у ерда президент Анжей Дуда билан учрашади. Шунингдек, у Россия-Украина урушининг бир йиллиги арафасида нутқ сўзлайди.