Ижтимоий тармоқларда «Участковойни бировнинг хотини билан ушлашди» номли видео тарқалганди. Тасвирда ички ишлар ходими кийимида бўлган шахс хизмат вақтида бегона эркакнинг рафиқаси билан қўлга тушгани акс этган. Ушбу маҳаллада яшовчилар ҳолатни видеога олиб, «участкавой» ва аёлни «самосуд» қилишга уринган. Видеода профилактика инспектори оломон саволларидан қочиб машинасига ўтирганча воқеа жойидан кетиб қолганини кўриш мумкин.

Жиззах вилояти ИИБ видеодаги шахс Ғаллаорол тумани ИИБ 2-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика катта инспектори Ж.Х. экани, у 2023 йилнинг 15 февралида тунги хизматга жалб этилганини билдириб, ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилганди.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат бўйича ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов назоратида хизмат текшируви ўтказилиб, воқеага ойдинлик киритиш чоралари кўрилган.

Суриштирув давомида маълум бўлишича, Ғаллаорол тумани ИИБ 2-сонли ИИБ ЖХХ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори Ж.Х.нинг бир неча нафар шахслар билан келишмовчилиги юзага келган.

«Ўрганиш ишлари давомида капитан Ж.Х.нинг Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси ҳамда Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг бир қатор бандларини бузгани аниқланиб, ходим ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди», — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.

Шунингдек, Ғаллаорол тумани ИИБнинг 4 нафар раҳбар ходимига профилактика инспекторининг фаолияти устидан етарли назорат ўрнатмагани учун интизомий чоралар қўлланган.

«Юқоридагилар билан бир қаторда, воқеанинг баъзи иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларида ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган. Шу сабабли тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш ва қонуни қарор қабул қилиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судига юборилди», — дейилади расмий муносабатда.