Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги отчопарда отлар очликдан нобуд бўлаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

«Ҳаёт» бошпанаси ҳамда Mehr va oqibat ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти, жумладан, отлар очликдан ўлаётгани, улар муносиб парваришланмаётгани ҳақида маълум қилди. Ўз навбатида, Миллий гвардия ветеринар ва волонтёрлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ҳодиса жойига бориб, вольерларни тозалагани ва отларни даволашни бошлаганини маълум қилди. Сешанба, 14 февраль куни Миллий гвардия матбуот хизмати ҳайвонларнинг хавфли ҳолатда қолдирилгани икки бош отнинг ўлимига, бошқа жониворларнинг ҳам кучсизланишига («Ҳаёт» бошпанаси маълумотларига кўра, 14 бош от қутқарилган) сабаб бўлгани бўйича текширув ўтказилганини билдирди. Миллий гвардиянинг «Газета.uz»га қўшимча қилишича, отчопар отхоналарни хусусий от боқувчиларга ижарага бергани аниқланган. Отларнинг эгаси, Mehr va oqibat маълумотларига кўра, жониворлар касал бўлиб қолган ва уларни даволашга пули бўлмаганини билдирган. Отларнинг ориқлаб кетиши ва ўлимига сабабчи бўлган шахслар — С. А. (1958 йилда туғилган) ва У. А. (1959)га нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 1-қисмида (Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш) кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.

Уларнинг ҳар бири 900 минг сўм миқдорида жаримага тортилган. Бундан ташқари, ипподром раҳбариятини алмаштириш масаласи ҳал қилинмоқда, дея қайд этди Миллий гвардия.