Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги «Тошкент отчопари» акциядорлик жамиятига тегишли отхонада бир қанча отлар нобуд бўлаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Ўрганишлар давомида мазкур отхона ветеринария санитария кўригидан ўтказилган. «Тошкент отчопари» отхонасининг воқеа содир бўлган учта бўлмаси фуқаро Қ.С.га ижарага берилган ва у бу ерда 14 бош от сақлаган. Бироқ отларга ёлланма ветеринария хизмати кўрсатилмаган.

«Етарли ва зарурий озуқа жамғарилмаган. Нотўғри озиқлантириш натижасида 2 бош оти нобуд бўлган, қолганлари ўта озғин ҳолатга келиб қолган», — дейилади хабарда.

Миллий гвардия матбуот хизматининг маълум қилишича, кўнгиллилар томонидан отхона тозаланиб, жониворлар оёққа турғизилган ва шифокорлар отларни даволашни бошлаган. Фуқаролар томонидан ҳам озиқ-овқат ва дори-дармонлар учун маблағ йиғилган.

Шу билан бирга, Миллий гвардия вакиллари дори-дармон ва озиқ-овқатлар келтириб, Тошкент цирки ва ҳайвонот боғи клиникаларидаги ветеринарлар отларни даволаш ҳамда заиф тулпорлар учун парҳез режасини тузиб берган.

Айни вақтда Миллий гвардия ва Тошкент шаҳар ИИБ томонидан мазкур вазият ўрганилмоқда. Материаллар тўпланиб, тергов олдидан текширув тайинланган. Тергов натижаларига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликда айбдор деб топилган шахсларга қонуний чоралар кўрилади.

Қўмитанинг қайд этишича, «Тошкент отчопари» акциядорлик жамиятида Ички ишлар вазирлигининг 60 бош, Миллий гвардиянинг 18 бош, фуқароларга тегишли 72 бош, жами 150 бош от сақланади. Мазкур отлар ветеринария хизмати томонидан куйдирги касаллигига қарши эмланган.

Шунингдек, бруцеллёз касаллигига қон намуналари, гельминтларга қарши ахлат намунаси олиниб, диагностик текшириш учун Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига топширилган ва диагностик текширувдан ўтказилган. Текширувлар натижасида отларда юқумли ва хавфли касалликлар аниқланмаган.