Тошкентдаги ёмон ҳаво бир йилда чекилган 503 та сигарет каби аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, дея хабар беради House Fresh халқаро жамоатчилик лойиҳаси ҳаво сифати бўйича ўз тадқиқотида.

Энг ёмон ҳаво сифатига эга шаҳарларнинг аксарияти Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё ва Африканинг ривожланаётган мамлакатларида жойлашган. Шу тарзда билвосита «чекилган» сигаретларнинг энг кўп сони Бангладеш пойтахти Дакка аҳолисига тўғри келади — 1176 та.

тошкент ҳавоси, чекиш, ҳаво ифлосланиши

Бутун дунёдаги одамлар сифатсиз ҳаводан нафас олиш орқали билвосита «чекаётган» сигареталар сонини аниқлаш учун HouseFresh бутун дунё шаҳарларидаги PM2,5 — ўлчами 0,001 дан 2,5 микрометргача бўлган заррачаларнинг ўртача контцентрацияси ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, уларни саломатликка салбий таъсир кўрсатиши бўйича йилига пассив чекиладиган сигарета эквивалент сонига айлантиришди.

Бунинг учун Berkeley Earth формуласидан фойдаланилди. Формулада PM2,5 зарралари таъсирини чекилган сигареталар билан солиштирадиган асосий қоида тасвирланган: кунига бир сигарет PM2,5 нинг 22 мкг/м3 даражасининг тахминий эквиваленти ҳисобланади. Тадқиқотда қайд этилишича, Tobacco Control журнали томонидан ўтказилган тажриба тамаки тутуни ҳавони дизель автомобиллари чиқиндисидан ўн баробар кўпроқ ифлослантиришини кўрсатди.

Тошкент ҳаво сифати энг ёмон бўлган дунёдаги йигирмата йирик шаҳарлардан бири ҳисобланиб, Индонезия пойтахти Жакарта ва Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарлари ўртасида 16-ўринда жойлашди.

тошкент ҳавоси, чекиш, ҳаво ифлосланиши

Тошкент вақти-вақти билан, айниқса қуруқ даврларда IQAir рейтингида ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳонда етакчи бўлиб келмоқда. Бунинг сабаблари сифатида кўчаларнинг транспорт билан тирбандлиги, йирик қурилиш лойиҳалари, дарахтларнинг кесилиши, кўчаларни суғоришнинг кенг йўлга қўйилмагани, шунингдек, пойтахт атмосфера фазосининг кам шамоллатилиши кабилар келтирилган. Ўзгидромет шаҳар ҳокимиятига кўчаларни суғориш ва тозалаш, қурилиш майдончаларида чангни камайтириш чораларини кўриш, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтиришга эътиборни кучайтиришни тавсия қилди.