Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш муаммоси долзарб муаммога айланиб бормоқда. Узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг йўқлиги, кучсиз шамоллар, ҳароратнинг инверсияси атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон беради, бу эса ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши учун шароит яратади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Хусусан, 15 октябрь соат 23:00 да +17 даража ҳаво ҳароратида РМ2,5 майда дисперсли заррачалар концентрацияси 62 мкг/м3 ни ташкил этди. Ҳарорат кўтарилиши билан ҳавонинг ифлосланиши камаяди. Ҳарорат инверсияси туфайли кечқурун ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон беради, ҳавода ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши учун шароит яратади.

17 октябрь куни Тошкент шаҳрида соат 18:00 дан 23:00 га қадар ҳавонинг майда чанг зарралари билан ифлосланиши ортиши кутилаётгани ҳақида хабар берилди. Шу куни кечқурун Ўзгидромет Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига имкон қадар уйларидан чиқмаслик, деразаларни ёпиш, кўчада ниқоб тақиб юришни тавсия қилди.

15 октябрь куни кундузи ПМ2.5 заррачалар концентрацияси ва ҳаво ҳарорати (яшил чизиқ). Фото: Ўзгидромет.

Республикада ҳавонинг чанг билан ифлосланиши нафақат табиий хусусиятлар (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар), балки антропоген ифлосланиш (автомобиль чиқиндилари, саноат, қурилиш, иссиқлик электр станциялари) билан ҳам боғлиқ.

Шаҳардаги атмосфера бўшлиғининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, дарахтларни кесиш, майсазорлар ва магистрал йўлларнинг кенг кўламда суғорилишининг мавжуд эмаслиги — буларнинг барчаси метеорологик шароитлар ва антропоген юкланишга, ҳавонинг юқори ифлосланишига олиб келади.

Буни бартараф этиш учун Ўзгидромет шаҳарда узоқ вақт давомида ёғингарчилик камлиги ва катта антропоген юк туфайли автомобиль йўлларига сув сепиш ва тозалаш, қурилиш объектларида чангни камайтириш чораларига, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини келтирди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича кўпроқ тадбирлар амалга оширилиши керак эканини маълум қилди.

Тошкентда ҳавонинг РМ2.5/РМ10 майда дисперсли заррачалар билан ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумот Ўзгидрометнинг monitoring.meteo.uz ва халқаро IQAir сайтида эълон қилинади.