4 февраль куни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Полат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ушбу хабарни тасдиқлаб, ўлим сабабини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Полат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланди.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Полат Шамшетовга 2 июль куни «одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлганлиги» ҳақида айблов қўйилганди.

Судда у кўчага нима бўлаётганини кўриш учун чиққанини таъкидлаганди. «Мақсад шунчаки ўз кўзим билан кўриш бўлган», — деганди у.

Ўша кунларда у меҳнат таътилида эди, бироқ 3 июль куни ишга чиқди, 11 июль куни эса ҳибсга олинди. Полат Шамшетов телефонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида кўп гаплашганини тан олганди, буни эса ўзининг вазифаси билан боғлиқлигини айтганди.

Суҳбатларнинг барча стенограммаси иш ҳужжатларида келтирилган ва уларда ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга чақирув йўқ, деганди у.

31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, Полат Шамшетов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 45 (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Январ ойида суддаги мунозара пайтида унинг адвокати Парахмат Маратов (видео) Шамшетовга ЖКнинг 244-моддаси бўйича эълон қилинган айбловни нотўғри деб атаганди, чунки унинг Даулетмурат Тажимуратов (ишдаги асосий фигурант) билан алоқаси, қолаверса, ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мақсадида тартибсизликларни ташкиллаштириш юзасидан ҳеч қандай далил йўқ, деганди. Бундан ташқари, ҳимоячининг сўзларига кўра, Шамшетовга қарши ҳеч ким гувоҳлик бермаган.