1 февраль, чоршанба куни Англияда меҳнат шароитидан норози ўқитувчиларнинг сўнгги 10 йилдаги энг йирик иш ташлаши бўлиб ўтди, деб хабар берди BBС. Унда 200 мингдан ортиқ ўқитувчи иштирок этди, деб ёзмоқда The Independent газетаси.

Буюк Британиядаги таълим ходимларининг энг йирик касаба уюшмаси — Миллий таълим иттифоқига аъзо педагоглардан ташқари, университет профессорлари, поезд машинистлари, автобус ҳайдовчилари ва давлат хизматчилари ҳам иш ташлашга чиққан.

Мактабларнинг ярмидан кўпида ё давомат чекланган, ёки намойишлар давомида ёпилган. Буюк Британия таълим вазирлиги 1 февраль куни мактабларнинг 43,9 фоизи тўлиқ очиқ, 42,8 фоизи очиқ, аммо давомат чеклангани, 8,9 фоизи эса бутунлай ёпиқ эканини маълум қилди.

«Касаба уюшмалари билан музокаралар давом этмоқда. Мен иш ҳақи ва ҳажми, ишга олиш, ишда сақлаб қолиш ва бошқаларни муҳокама қилишни давом эттираман», — деди Британия таълим вазири Жиллиан Киган. У, шунингдек, мактабларнинг ишлаб туришини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун директорлардан миннатдор эканини айтди.

Касаба уюшмаси ҳисоб-китобларига кўра, етти кунлик намойишлар 23,4 мингта мактаб ишига таъсир қилади. Аммо ҳар бир мактаб тўрт кундан ортиқ бўлмаган иш ташлашларда қатнашиши мумкин.

Бу иш ташлашлар бўйича етти кунликнинг биринчи куни эди. Кейингиси 14 февралга белгиланган.

Миллий таълим иттифоқи аъзолари иш ҳақини инфляция даражасидан ошириш мақсадида саботаж уюштирган. Ўқитувчиларнинг маошлари сўнгги ўн йил ичида тушиб кетди, бу эса мактабларда ишга қабул қилиш ва ходимларни ушлаб туришда жиддий инқирозга олиб келди. Молиявий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2010 ва 2022 йиллар оралиғида катта ўқитувчиларнинг иш ҳақи реал ҳолатда 13 фоизга камайди, бу йилига 6600 фунт стерлингга тенг дегани.

2022 йилнинг ёзида Буюк Британия ҳукумати кўпчилик ўқитувчиларнинг иш ҳақи тахминан 5 фоизга, бошланғич маошлар эса 8,9 фоизга ошишини эълон қилганди, аммо инфляцияни ҳисобга олган ҳолда Миллий таълим иттифоқи аъзолари таклифни рад этган ва иш ташлашда давом этиш учун овоз берган.