Бухоро вилоят судида 31 январь куни Қорақалпоғистонда 2022 йил июлда бўлган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳукмлар ўқиб эшиттирилди. Судланувчилардан Лолагул Каллиханова, Азамат Нуратдинов, Азамат Турданов ва Аҳмет Сметуллаевга озодликни чеклаш тарзидаги шартли жазо қўлланилиб, улар суд залидан озод қилинди.

Шартли озод қилинганлардан 30 ёшли Аҳмет Сметуллаев 2022 йил 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистон туманларидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиш ва ўзи ҳам уларда фаол иштирок этиб, Даулетмурат Тажимуратовни қўллаб-қувватлаганликда айбланаётган эди. Прокурор уни 8 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Сметуллаев суддан сўнг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида «имконият бергани» учун Ўзбекистон президентига миннатдорчилик билдириб, қорақалпоғистонликларни «кўзни очишга», «алданмасликка», «миллатчилик қилмасликка» чақирди.

— Худо хоҳласа, Ўзбекистон халқига, қорақалпоқ халқига жон-таним билан хизмат қиламан. Қорақалпоқ халқига айтадиганим — кўзингизни очинг, миллатчилик қилманг, бундай нарсалар бошқа бўлмасин, илоҳим! Интернетда ўтириб олиб, «қани, чиқайлик» деб айтаётганларга ишонманг, алданиб қолманг, кўзларингизни очинг, болаларингизни ўйланг.

— Лекин видеоларда сиз алданган шахсга ўхшаб кўринмаган эдингиз, ўз хоҳишингиз билан соатлаб [Тажимуратовнинг ёнида] юргандингиз. Ҳозир ўзингизни алданган, деб ҳисоблайсизми?
— Бизга Даулетмурат қонуний митинг ўтказяпман, деб айтганди. «Видеомурожаат билан ҳам чиқдим, хат билан ҳам чиқдим, қонуний бўлади, бу жиноят эмас», деганди. Қилган ишимиз жиноят эканини панжара ортида ўтирганимиздан кейин билдик.

— Ўшанда нимани талаб қилган, нимани хоҳлаган эдингиз?
— Конституциямиз ўзгармасин деб, [Конституция ўзгаришидан] норози бўлиб чиққанман.

— Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг таркибида қолиши керакми?
— Ҳа, қолаверсин. Яхши яшаяпмиз.

— Ўзингизнинг ва Қорақалпоғистоннинг келажагини қандай кўряпсиз?
— Ўзбек билан қорақалпоқнинг ҳаммаси бир. Мен ўз оиламда ўзбек қизини олганман. Шу пайтгача ундай миллатчилик бўлмаган.

— Мен чет элда Қорақалпоғистон томондан сизга қарши сўзларни эшитдим. Уларнинг аксарияти наздида Тажимуратов қаҳрамон, у бутун Қорақалпоғистон учун курашяпти, лекин сиз ва бошқалар уни сотдингиз. Бунга нима дейсиз?
— Мен Даулетмуратни сотганим йўқ. Биринчидан, у бизларга «чиқинглар» деб, ўзи биринчи бўлиб қочди. «Халқ ёввойи бўлса, айб менда эмас», деб ҳаммасини халққа ағдарди. Мен шу ерга келиб алданганимни билдим. Даулетмуратнинг ўзи қочиб кетди, халқ уни қутқармоқчи бўлиб, ҳамма чиққанди. У қочиб юрди. «Ўзим ёнингизни оламан», деган гаплари бор эди.

— Орангизда энг кўп ва оғир жазони Тажимуратов олди, унинг ўзи ҳукмни қоралади. Унга нима деган бўлардингиз?
— Билмадим, у ёғини мен тушунмайман.

— Демак, бу борада гапингиз йўқ?
— Йўқ.

— Ичкарида (айбланувчилар курсисида) ўтирганингизда жуда бир қизиқ динамика бўлди: бир томондан ҳамма дўст, биродардек кўринди. Бошқа тарафдан, ҳар бирингиз ўзингиз учун курашдингиз. Ичкарида нималарни муҳокама қилдингиз? Бирор келишув бўлдими?
— Ичкарида келишув бўлмади.

— Ростданми? Орангизда Тажимуратовга қарши ҳеч қандай келишув бўлмадими?
— Аксинча. Даулетмурат Тажимуратов ҳамма нарсани бизнинг бўйнимизга қўймоқчи бўлди. «Ҳаммасини у қилди, Азамат Турданов қилди», деб, [бўйнимизга қўймоқчи бўлди]… Ҳамма нарсани халққа, бизнинг бўйнимизга ағдарди. Бу марднинг иши эмас.

— Нега энди? Тажимуратов бу ерда қайсидир маънода ҳаммангизни ҳимоя қилди, ҳамма учун курашди. Ё ундай эмасми? Унга қараб сиз ҳам ўзингизни ҳимоя қила бошладингиз-ку?
— Билмадим, у биз учун курашди, деб ўйламайман. Аксинча, бизни саволга тутиб, ҳамма нарсани бўйнимизга қўймоқчи бўлди.

— Суднинг Бухорода ўтганига қандай қарайсиз?
— Норозилигим йўқ, яхши ўтди.

— Судьяга қандай баҳо берасиз?
— Судья адолатли қарор чиқарди, деб ўйлайман. Ҳамма илтимосномаларимизни вақтида кўриб чиқди. Судьяга норозилигим йўқ.

— Бир неча ойлардан бери ҳибсда ўтирган бир ўзбекистонлик сифатида тизим ҳақида нима дейсиз? Панжара ортидаги аҳвол қандай?
— Ҳеч ким панжара ортига тушмасин. Аллоҳдан сўраб, сабр қилиб ўтирдик.

— Ҳозир айтишнгиз мумкин — қийноқлар ростдан ҳам умуман бўлмадими?
— Қийноқ бўлмади.

— Руҳий қийноқлар-чи?
— Қийноқ бўлмади.

— Панжара ортида энг кўп нимадан эзилдингиз (қийналдингиз)?
— Уйда 100 ёшга тўлган бувим бор, уни ўйлаб, болаларимни, ота-онамни ўйлаб, жуда соғиниб, жуда қийналдим. 100 ёшли бувимнинг хизматида бўлишим керак, мен эса қамоқда ўтирибман. Хато қилганимни кеч тушундим. Президентимизга раҳмат, мана, имконият берди. Худо хоҳласа, халқим учун хизмат қиламан.